АсосийJamiyat

Ҳарбий хизматчиларнинг оилалари бугунги таҳдидлардан огоҳ этилди

Пойтахтимизда жойлашган ҳарбий қисмлардан бирида “Мустаҳкам оила – жамият таянчи” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ташаббуси билан ўтказлиган ушбу тадбирда мамлакатимиздаги тегишли идора ва ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этди. 

Тадбирда мазкур ҳарбий қисм командирининг ўринбосари, подполковник Улуғбек Бўтаев, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси Инобат Каримова, Тошкент шаҳар Яшнобод тумани бош гинекологи Гулшод Абдуллаева, ва бошқалар оилада эркак ва аёлнинг вазифалари, оилаларни мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳоли, айниқса ёшларнинг турли зарарли оқимлар, қора ниятли кучлар таъсиридан асраш сингари муҳим масалалар хусусида фикр юритишди.  

Тадбирда таъкидланганидек, бугунги кунда тинчлик, осойишталик ва барқарорликни сақлаш ҳар доимгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Ҳарбийларимизнинг Ватанга садоқат, ишонч ва шижоат билан хизмат қилишида бевосита уларнинг оиласидаги муҳит, оилавий муносабатлар ҳам катта ўрин тутади. Шу боис, Ватан ҳимоячиси билан тақдир ришталарини боғлаш, у билан бирга ҳаёт кечириш, фарзандларни дунёга келтириш ва ўстириш алоҳида эътибор ва масъулиятни талаб қилади. 

Маълумки, азалдан ўзбек аёли ўзининг ибо-ҳаёси, ақлу-заковати, вафо ва садоқати билан ҳамишга ибрат бўлиб келган. Бугун биз Тўмарис, Нодирабегим, Зебунисо, Увайсий сингари момоларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз. Буюк малика Сароймулкхоним давлат бошқарувида ҳам Соҳибқирон Амир Темурга  жўяли маслаҳатларини бергани, Мирзо Улуғбек сингари донишманд набираларни тарбиялагани  тарихдан маълум. 

Истиқлол йилларида ҳукуматимиз томонидан хотин-қизларнинг оила ва жамиятдаги ўрни, мавқеини юксалтириш, уларнинг дунёқарашини бойитиш, сиёсий ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бу борада қатор фармон ва қарорлар, меъёрий ҳужжатлар  қабул қилинди. Ҳар соҳада фаол хотин-қизларимиз учун танловлар,  юксак мукофотлар таъсис этилди. 

Бугунги кунда ана шундай эътибор ва ғамхўрликка жавобан, аёлларимиз жамиятнинг турли соҳоаларида меҳнат қилиб юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келишмоқда. Бугун ўзбек аёли сиёсатда ҳам, иқтисодиёт тармоқларида ҳам, тадбиркорлик ва ишбилармонлик соҳасида ҳам, фан, таълим йўналишларида ҳам, санъат ва маданиятда ҳам ўз куч ва салоҳиятини намоён этиб келаётир. 

Шу билан бирга хотин-қизларимиз орасида билиб-билмай жиноят кўчасига кириб, ножўя ишларга қўл ураётган, маънавийтимизга, миллий қадриятларимизга ёт оқимлар таъсирига тушиб қолаётганларнинг учраб туриши барчамизни огоҳликка, сергакликка ундамоқда. Бинобарин, уларнинг сиёсий, маънавий-маърифий дунёқарашини бойитиш, мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлашда мана шундай учрашувлар, тадбирларнинг аҳамияти катта. 

- Аёлнинг эри учун қилган хизматларига ҳам ажру савоб берилади: эрининг куйлакларини ювиб, дазмоллаш, овқатини тайёрлашда ҳам аёлга ажр бор. Аёл ажрдан умид қилган ҳолда хизматларини сидқидилдан қилса  хонадони обод, озода, ва файзли бўлади, - дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими Илҳом Марупов. - Аслида аёл учун бахт ўз оиласи бағрида хотиржамликда ҳаёт кечиришидадир. Афсуски, бугунги кунда бузғунчи оқим аъзолари айрим аёлларни “жиҳод” ниқоби остида ўз бахт кошоналари, фарзандларидан жудо қилишмоқда. Уларга алданган аёлларнинг номи қора, қариндошларининг боши хам бўлмоқда. Бу жиҳод эмас, жиноят ва хиёнатдир. Ўз навбатида, Ислом динининг асл мазмун-моҳиятидан бехабарликдир. Зотан, динимизда аёллар учун ўз оиласининг мустаҳкамлиги, фарзандлар тарбияси биринчи ўринда туриши қайта-қайта уқтирилади.

-Ҳарбий хизматчи билан бир оилада, бир том остида яшаш ҳам шараф, ҳам катта масъулиятдир, - дейди Тошкент ҳарбий округи ҳарбий хизматчиларнинг оилалари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассиси Дилбар Ҳусанова. – Бугунги кунда тинчлигимиз, осойишталигимизни кўз қорачиғидек асраш барчамиздан, хусусан ҳарбийларнинг оила аъзоларидан ҳам катта масъулиятни талаб этади. Улар ўз оилаларига муносиб хизмат қилиш баробарида Ватан тинчлиги, сарҳадлар дахлсизлигига ҳам бевосита ҳисса қўшган бўладилар. Шундай экан, уларнинг огоҳлиги ва сергаклиги, оила ва жамият олдидаги жавобгарлик ҳиссини янада оширишимиз давр талабидир. 

Тадбир давомида иштирокчиларга оилавий муносабатлар таҳлилига бағишланган ҳужжатли фильм намойиш этилди. Қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Ўз мухбиримиз

    Бошқа янгиликлар