Сурхондарё вилоятининг Узун туманида автомобиль йўлига тоғ жинслари кўчиб тушди. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ, йўл ҳаракати қайта тикланган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 24 октябрь куни соат тахминан 03:30 да туман ҳудудидан ўтувчи 75В040 автомобиль йўлининг 21–22-километрлари оралиғида тоғ жинслари кўчиши содир бўлган.
Воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари, йўл хизмати ишчилари ва махсус техникалар жалб этилган. Тезкор чоралар натижасида соат 07:30 га қадар йўл тоғ жинсларидан тозаланган.
Ҳодиса оқибатида жабрланганлар ёки транспорт воситаларига зарар етгани қайд этилмаган. Айни вақтда йўл тўлиқ очилган ва транспорт ҳаракати тикланган.
Масъуллар ҳайдовчиларни тоғли ҳудудларда эҳтиёткор бўлишга ҳамда йўл белгилари ва хавфсизлик талабларига риоя қилишга чақирди.






