АсосийСИЁСАТ

Зироат Мирзиёева оғир касалликларга чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича Глобал тармоқ раиси этиб сайланди

Бу ҳақда Самарқандда ўтказилган “Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодларнинг барқарор ва адолатли тараққиёти сари йўл” Жаҳон саммити доирасида маълум қилинди.

'Зироат Мирзиёева оғир касалликларга чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича Глобал тармоқ раиси этиб сайланди'ning rasmi

Самарқандда ўтказилган “Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодларнинг барқарор ва адолатли тараққиёти сари йўл” Жаҳон саммити доирасида оғир ва ҳаёт учун хавфли касалликларга чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш бўйича Глобал тармоқ ташкил этилди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи хоними, “Замин” халқаро жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева ушбу тармоққа икки йил муддатга раҳбарлик қилади. Бу ҳақда унинг расмий саҳифасида хабар берилди.

Тармоқ тузилгани ҳақида АҚШнинг “St. Jude” болалар илмий-тадқиқот шифохонаси вице-президенти, “St. Jude Global” директори Карлос Родригес-Галиндо эълон қилди.

Глобал тармоқ турли мамлакатларнинг биринчи хонимлари ва давлат раҳбарларининг турмуш ўртоқларини болалар саломатлиги масаласида бирлаштиришни мақсад қилган. У доирасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, тажриба ва ахборот алмашиш, оғир касалликларга чалинган болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий ташаббусларни илгари суриш режалаштирилган.

Шунингдек, платформа болалар онкологияси ва бошқа оғир касалликларга оид масалаларга халқаро миқёсда эътибор қаратиш, уларнинг сифатли тиббий ёрдам олиши ҳамда ўсиши ва ривожланиши учун зарур шароитларни яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Зироат Мирзиёеванинг тармоққа раҳбар этиб тайинланиши Ўзбекистонда болалар онкологияси соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва эришилган натижаларнинг халқаро эътирофи сифатида баҳоланмоқда. Мамлакатда ихтисослаштирилган тиббий ёрдамни ривожлантириш, замонавий диагностика ва даволаш имкониятларини кенгайтириш, болаларни зарур дори воситалари билан таъминлаш бўйича ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Зироат Мирзиёеванинг раисликка киришиш маросими Болалар онкологияси бўйича халқаро конгресс доирасида ўтказилди.

Глобал тармоқ фаолиятини кенгайтириш мақсадида бошқа мамлакатларнинг биринчи хонимлари ҳам унга қўшилишга таклиф қилинмоқда. Ташкилотнинг навбатдаги йиғилишини 2027 йил май ойида Женевада Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси доирасида ёки сентябрь ойида Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси доирасида ўтказиш режалаштирилган.

Ташаббус оғир ва ҳаёт учун хавфли касалликларга чалинган болаларни қўллаб-қувватлаш, тиббий ёрдам имкониятларини кенгайтириш ва мамлакатлар ўртасида амалий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.

    Бошқа янгиликлар