1

Кичкинтойлар саломатлиги борасида 4 саволга – жавоб

САЛОМАТЛИК 10.01.2017, 10:10
Теглар: Саломатлик, Бола, SUGDIYONA
Кичкинтойлар саломатлиги борасида 4 саволга – жавоб

Фарзанд тарбиялаётган ёш онанинг ёнида кўпни билган катталар бўлгани яхши. Аммо шундай ҳолатлар бўладики, уларга фақат мутахассис-шифокор тавсияси кор келади. Муштарийлардан келаётган саволларга умумий амалиёт шифокори Юлдуз КАРИМЖОНОВА жавоб беради.

 

«ҚИЗИМДАН НОХУШ ҲИД КЕЛАДИ»

— Қизим 5 ёшда, гимнастика тўгарагига боради. Лекин машғулотдан қайтгач, қўлтиқ ости терлаб, нохуш ҳид таралади. Тозаликка риоя қиламиз, ҳар куни чўмилтириб, ич кийимини алмаштиради. Фақат пахтали матодан тикилган либосларни кийдираман. Шунга қарамай, терлаши қолмаяпти. Бу касаллик эмасми?

Шарофат ШОМАНСУРОВА, Фарғона вилояти

— Тер безлари фаол бўлган одамларда бу каби ҳолатлар болалигидан кузатилиши мумкин. Яъни, болада кечаётган улғайиш бошқаларга қараганда кучлироқ намоён бўлади. Кўп терлаш бола кўп ширинлик еганида, суякларига кальций етишмаганида, аденоид ёки гайморити бўлса ҳам кузатилади. Маслаҳатим, қизингизни тор доирадаги шифокорлар кўригидан ўтказинг. Уй шароитида болани чўмилтиргач, қўлтик остини марварак (шалфей) дамламасида артинг. Бу дамламани наҳорга ва ётишдан олдин бир пиёладан ичиш ҳам терлашни камайтиради.

 

«ОЁҒИ ҚИЗИБ КЕТВЕРАДИ»

— Икки ёшли ўғлим, оёқлари қизиб кетганидан пойпоғини ечиб, зах, совуқ жойларда юргиси келади. Бунинг сабабини билишни истардим.

Нодира ХАБИБУЛЛАЕВА, Тошкент шаҳри

— Бу ҳолат яссиоёқлик, қон томир касаллиги, қонда қанд миқдори кўтарилиши,  тор пайпоқ ёки пойабзал кийиш билан боғлиқ. Болалар жаррроҳи ва ортопед кўригидан ўтиб, қоннинг умумий таҳлилини топширинг. Муаммо томир касаллигида бўлса, оёқларни дам-бадам иссиқ-совуқ сувда чайиш муолажаси асқотади. Ваннача ичига бир сиқим нўхат солиб боланинг устида юрғизиш ҳам ушбу муаммодан тез ва безарар қутулишга ёрдам беради.

 

«ЙИҒЛАСА, ТОМИРИ ТОМИРЛАРИ БЎРТИБ ЧИҚАДИ»

— Фарзандим бир ёшда. Яқинда сочларини олдик. Йиғлаганида бошидаги томирлар бўртиб чиқади. Кўриб қўрқиб кетаман. Кимга мурожаат қилсам бўлади?

Саодат ОЛИМОВА, Қарши шаҳри

— Фарзандингиздаги ушбу ҳолат бош ички мия босими кўтарилишининг белгиси бўлиши мумкин. Бундай болаларнинг боши оғрийди, уйқуси ҳам нотинч бўлади.  Шифокор-невролог кўтиригидан ўтиб, даволанишни бошланг. Фарзандингизнинг инжиқлик қилиши, уйқусида безовта бўлишига лоқайд бўлманг. Албатта, мутахассис қабулига боринг.  

 

«АНТИБИОТИКЛАР – ҚАБЗИЯТГА САБАБМИ?»

— Қизимнинг кичиклигидан ичи қотади, ҳар куни эмас, кунора келади. Чақалоқлигида стафилококкли инфекция аниқланиб, антибиотик кўп олганмиз. Энди қабзиятдан қийналаяпти. Булар антибиотик препаратлар таъсиридан эмасми? Нима қилса бўлади?

Омина ҲОЖИЕВА, Марғилон шаҳри

— Агар боланинг қорни оғримаса, терисида майда тошма бўлмаса, ичи келган пайтда қийналмаса, бола зўриқмаса, бунинг ёмон томони йўқ. Аммо қабзият 3 кундан ортиқ давом этса, албатта, шифокорга мурожаат қилинг. Уйда боланинг кўпроқ суюқлик ичишини таъминланг, тувакка бир хил вақтда ўтказинг, бу одатга айлансин. Овқатланишда нон ва пишириқлар, макарон, тухум, гуруч, каби хамирли маҳсулотларни камайтиринг. Наҳорга майиз, ўрик қоқи дамламаси, ётишдан олдин янги ивитилган қатиқ ва албатта, олхўри мевасини едириш яхши натижа беради.

Барно ҲОЖИМИРЗАЕВА тайёрлади. 

Шарҳлар

Буйрак хасталиклари кимларда кўпроқ учрайди? Шифокор жавоб берди

06.08.2021, 17:47

CCВ Матбуот хизмати буйрак етишмовчилиги қандай хасталик экани ва уни бартараф этишда мамлакатимиз тиббиёти нималарга қодирлиги ҳақида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бўлим раҳбари,...
ЮТИНГАНДА ҚУЛОҚ ОҒРИҒИ?!

26.12.2017, 13:12

— Уч яшар ўғлим овқат чайнаб ютаётганида қулоғини ушлаб, оғриётганини айтди. Шифокорга кўрсатсам, отит деб ташхис қўйди. Бу қандай касаллик? Уни уйда даволаса бўладими? Назира...
ДИАТЕЗ ҚАЙТАЛАМАСИН ДЕСАНГИЗ…

26.12.2017, 13:08

— Эмизикли чақалоғим экссудатив диатез касаллиги билан оғриганди. Ҳозир соғайган бўлса-да, айрим таомларни истеъмол қилганимда унинг баданида қизғиш доғлар пайдо бўлади. Гўдакда диатез қайталамаслиги учун...
ФАРЗАНДИНГИЗНИ МАКТАБ КАСАЛЛИКЛАРИДА АСРАНГ!

26.12.2017, 11:36

Узоқни кўра олмаслик;сколиоз (умуртқа поғонасининг қийшайиши);гастрит;руҳий-асаб тизими бузилишлари кабиларни мактаб касалликлари сирасига киритиш мумкин. Статистикага кўра, ҳар беш боланинг бири умуртқа поғонаси муаммоларидан қийналса, ҳар...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1