9 ноябрь куни мамлакатнинг шимолий ҳудудларига, 10–12 ноябрь кунлари эса республиканинг қолган қисмига совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келади. Бунинг натижасида ҳарорат сезиларли даражада пасайиб, айрим жойларда қор ёғиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.
Маълум қилинишича, 9–11 ноябрь кунлари республика ҳудудининг катта қисмида ёмғир ёғади. Айрим жойларда ёғингарчилик кучли бўлиши мумкин. 10–11 ноябрь кунлари эса шимолий ва тоғли ҳудудларда ёмғир қорга айланади.
Шунингдек, айрим ҳудудларда шамол тезлиги секундига 13–18 метргача кучайиши кутилмоқда.
Ҳаво ҳарорати ҳам босқичма-босқич пасаяди. Жумладан, шимолий ҳудудлар ва чўл зоналарида кечаси 2–7 даражагача совуқ, кундузи 3–8 даража илиқ бўлади.






