АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистонда кўчма радарларни махсус йўл белгиси билан кўрсатиш талаби бекор қилинди

Ўзбекистонда кўчма радарлар олдига "Радар" йўл белгисини ўрнатиш талаби бекор қилинди. Энди мазкур белги фақат тезликни назорат қилувчи стационар радарлар олдига қўйилади.

'Ўзбекистонда кўчма радарларни махсус йўл белгиси билан кўрсатиш талаби бекор қилинди'ning rasmi

Ўзбекистон ҳукумати кўчма радарлардан фойдаланишда улар олдига "Радар" йўл белгисини ўрнатиш талабини бекор қилди. Бу 29 октябрда қабул қилинган қарорда белгиланган.

Ҳужжатга кўра, "Радар" белгиси энди фақат тезликни назорат қилувчи стационар радарлар олдига ўрнатилади. Амалдаги йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ, белги радардан 250 метрдан кам бўлмаган ва 500 метрдан кўп бўлмаган масофада жойлаштирилиши керак.

Қарор йўл ҳаракати қоидалари бузилишини фото ва видео қайд этиш воситаларидан фойдаланишни такомиллаштириш орқали қоидабузарликлар сонини камайтиришга қаратилган.

Аввалроқ тадбиркорлар томонидан ўрнатилган камералар хавфсизлик камарини тақмаслик билан боғлиқ қоидабузарликларни ҳам қайд этиши хабар қилинган эди.

    Бошқа янгиликлар