2026 йил январь–сентябрь ойларида Грузия аэропортларида 711 нафар йўловчининг мамлакатга киришига рухсат берилмаган. Уларнинг 473 нафари Ўзбекистон фуқаролари бўлган. Бу ҳақда Дунё ахборот агентлиги хабар берди.
Киритиш рад этилишининг асосий сабаблари орасида сафар мақсадини аниқ тушунтириб бера олмаслик, меҳмонхона брон қилингани ва қайтиш авиачиптаси мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, тиббий суғурта ҳамда етарли маблағ борлигини кўрсатувчи маълумотларнинг йўқлиги қайд этилган.
Ўзбекистон фуқароларига сафардан олдин унинг мақсадини аниқ белгилаш, яшаш жойи брон қилингани, қайтиш чиптаси, суғурта полиси ва сафар учун етарли маблағ мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тайёрлаш тавсия этилган.
Шунингдек, чегара назорати вақтида ходимларнинг саволларига аниқ, изчил ва ҳаққоний жавоб бериш муҳимлиги таъкидланган.






