АсосийЖАМИЯТ

Ўзбекистондан Қозоғистон ва Хитойга авиақатновлар сони оширилади

Хусусан, Хитойга парвозлар 114 тага, Қозоғистоннинг айрим йўналишларига эса 60 тага етказилади.

'Ўзбекистондан Қозоғистон ва Хитойга авиақатновлар сони оширилади'ning rasmi

Ўзбекистондан Қозоғистон ва Хитойга амалга ошириладиган мунтазам авиақатновлар сони кўпайтирилади. Хусусан, Хитой билан парвозлар ҳафтасига 100 тадан 114 тага, Қозоғистон билан эса айрим йўналишларда 42 тадан 60 тага етказилади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, бу борадаги келишувлар 3–5 ноябрь кунлари Тошкентда ўтказилган Марказий Осиё – Хитой (C5+1) фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорлик бўйича ишчи гуруҳнинг учинчи йиғилишида эришилган.

Ўзбекистон ва Қозоғистон авиация маъмуриятлари ўртасидаги музокараларда Тошкент – Олмаота ҳамда Тошкент – Остона йўналишларининг ҳар бирида парвозлар сонини ҳафтасига 42 тадан 60 тагача оширишга келишилган. Қолган йўналишларда эса авиақатновлар ҳафтасига 14 тадан 20 тага етказилади.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги мунтазам авиақатновлар сонини ҳафтасига 100 тадан 114 тагача ошириш бўйича келишувга эришилган. Бу борада тегишли ҳужжатлар имзоланган.

Йиғилишда Ўзбекистон, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон авиация маъмуриятлари ҳамда авиакомпаниялари вакиллари иштирок этган. Унда авиабозорни либераллаштириш, парвозлар хавфсизлигини таъминлаш, авиация инфратузилмасини ривожлантириш ва замонавий технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинган.

Келишувлар йўловчилар учун сафар имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ва туристик алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Ишчи гуруҳнинг навбатдаги йиғилиши 2027 йилда Қирғизистонда ўтказилади.

    Бошқа янгиликлар