Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўмон Султонлигига давлат ташрифи якунланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат ташрифи доирасида Шавкат Мирзиёев Масқат шаҳрида Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид билан музокаралар ўтказди. Шунингдек, Ўмоннинг етакчи компаниялари ва молиявий институтлари раҳбарлари билан учрашди.
Музокаралар якунида икки давлат ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги битим қабул қилинди. Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, туризм, илм-фан ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни ривожлантиришга қаратилган 30 дан ортиқ ҳужжат имзоланди.
Шунингдек, иқтисодий соҳада умумий қиймати 5 миллиард долларлик лойиҳалар тўплами шакллантирилди.
Ташриф якунида Масқат халқаро аэропортида Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид Ўзбекистон Президентини кузатиб қўйди. Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев Тошкентга жўнаб кетди.






