Миллий статистика қўмитаси аҳолини рўйхатга олиш натижалари асосида мамлакатнинг 2010–2026 йиллардаги доимий аҳолиси сонини қайта ҳисоблаб чиқди. Бунда нафақат туғилиш ва ўлим, балки миграция жараёнлари ҳам ҳар бир йил кесимида қайта таҳлил қилинган.
Ўзбекистоннинг сўнгги 16 йилдаги аҳоли сони бўйича статистик маълумотлар қайта кўриб чиқилди. Миллий статистика қўмитаси бу жараён аҳолини рўйхатга олиш натижалари асосида, халқаро эксперт-демографлар билан ҳамкорликда амалга оширилганини маълум қилди.
Хўш, аввалги йиллардаги аҳоли сони нима учун ва қандай қайта ҳисобланди?
Қўмита тушунтиришича, ҳисоб-китобда кейинги йил бошидаги аҳоли сони асос қилиб олинган ва демографик ўзгаришлар орқага қараб ҳисобланган. Бунда йил давомида туғилганлар сони айирилган, вафот этганлар қайта қўшилган. Шунингдек, кўчиб келганлар айирилиб, кўчиб кетганлар қўшилган.
Масалан, 2026 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистоннинг қайта ҳисобланган доимий аҳолиси 39 миллион 23,6 минг кишини ташкил этган. 2025 йил давомидаги демографик ўзгаришлар ортга қайтарилганда, 2025 йил 1 январь ҳолатига аҳоли сони 38 миллион 321,6 минг киши бўлган.
Бироқ бу икки кўрсаткич ўртасидаги 702 минг кишилик фарқни оддийгина айириш орқали ҳисоблаш мумкин эмас. Чунки ҳисоб-китоблар аҳолининг жинси ва ёши бўйича алоҳида амалга оширилган.
Жумладан, вафот этганлар ва мамлакатдан кўчиб кетганлар қайта ҳисобга қўшилган, кўчиб келганлар айирилган. Шу йилда туғилган болалар ҳисобдан чиқарилиб, қолган аҳолининг ёши бир йилга камайтирилган.
Бу тартиб ҳар бир олдинги йил учун такрорланган. Ҳисоблашда ҳудудлар, шаҳар ва қишлоқ аҳолиси, жинсий-ёш таркиби ҳамда маъмурий-ҳудудий ўзгаришлар ҳам инобатга олинган.
Натижада 2010–2026 йилларни қамраб олган ягона демографик маълумотлар қатори шакллантирилган. Бу аввалги йиллардаги аҳоли сонини нафақат умумий кўрсаткичлар, балки ёш, жинс ва ҳудудлар кесимида ҳам аниқроқ акс эттириш имконини беради.






