АсосийЖАМИЯТ
Муаллиф: Darakchi.uz

Тошкент шаҳар судлари “Кокош” ва бошқаларнинг қамалиши бўйича изоҳ берди

Судлар блогер Комила Абдуқодирова, актриса Барчин Ғофурова ва Ниҳола Ражабовага нисбатан чиқарилган ҳукм атрофидаги муҳокамаларга муносабат билдирди.

'Тошкент шаҳар судлари “Кокош” ва бошқаларнинг қамалиши бўйича изоҳ берди'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда “Кокош” тахаллуси билан танилган блогер Комила Абдуқодирова, актриса Барчин Ғофурова ҳамда “Ryyan Sweet” номи билан танилган блогер Ниҳола Ражабова озодликдан маҳрум этилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Тошкент шаҳар судлари мазкур иш юзасидан расмий изоҳ берди.

Судлар баёнотида таъкидланишича, блогер ва бошқаларга нисбатан чиқарилган суд ҳукми ижтимоий тармоқларда турли муҳокамаларга сабаб бўлаётгани кутилмаган ҳолат эмас. Чунки блогернинг жарроҳлик амалиёти билан боғлиқ можаро ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга етиб бормасидан аввал ижтимоий тармоқларга сиздирилган ва кенг шов-шувларга сабаб бўлган.

"Кокош" тахаллуси билан танилган блогер ва бошқаларга нисбатан чиқарилган суд ҳукми турли муҳокамаларга сабаб бўлаётгани кутилмаган ҳолат эмас. Негаки, блогернинг жарроҳлик амалиёти билан боғлиқ ғавғолар, масала ҳали ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга етиб келмасидан аввал ижтимоий тармоқларда сиздирилиши ортидан келиб чиққан шов-шув натижасида кўпчилик ҳолат бўйича "ҳукм-хулоса" чиқариб бўлганди, гўё", дейилади судлар баёнотида.

Шунингдек, судлар воқеаларнинг бошқа томонига ҳам эътибор қаратган. Қайд этилишича, жарроҳлик амалиёти асоратлари оқибатида ўзига моддий ва маънавий зарар етказилган деб ҳисоблаган шахс қонунчиликда белгиланган тартибда ваколатли органларга мурожаат қилиши мумкин. Бироқ масалага қонун тақиқлаган усуллар орқали ечим топишга уриниш жиддий ҳуқуқий оқибатларга олиб келади.

"Блогер ва унинг хайрихоҳлари иккинчи йўлни танлагани кўринади ва бунинг очиқ натижасини жамоатчилик кўриб, билиб турибди: улар туҳмат ва товламачилик жиноятларида айбдор деб топилди ҳамда тегишли жазо тайинланди", дейилади изоҳда.

Тошкент шаҳар судлари ҳукмнинг қонунийлиги ва асослилиги алоҳида ҳуқуқий жараён орқали баҳоланишини ҳам эслатган. Биринчи инстанция судининг ҳукми апелляция инстанциясида бекор қилиниб, судланувчиларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинланиши одил судлов жараёнининг бир қисми экани таъкидланган.

Шу билан бирга, судланувчилар ҳам апелляция инстанцияси ҳукмидан норози бўлса, белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга экани қайд этилган.

    Бошқа янгиликлар