Президент Шавкат Мирзиёев 18 ноябрь куни Янги Тошкент қурилишини жадаллаштириш ва "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан йиғилиш ўтказди. Унда айрим ҳудудларда кўчат экиш ишлари суст ташкил этилгани, баҳорда экилган дарахтларнинг учдан бир қисми нобуд бўлгани танқид қилинди.
Йиғилишда Янги Тошкентда инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш, тадбиркорлар учун мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ва инфратузилмани ўз вақтида яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, бир ой аввал давлат раҳбари Янги Тошкент қурилишини жадаллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб, ишлар натижасини ҳар ой муҳокама қилиб боришга кўрсатма берган. Шунингдек, ўтган ҳафтада қабул қилинган алоҳида фармон билан инвесторлар, тадбиркорлар ва ҳудудлар учун қўшимча имтиёзлар ҳамда янги ташкилий механизмлар жорий этилган.
Президент ҳар бир инвестиция лойиҳаси бўйича кунлик манзилли назорат ўрнатиш зарурлигини таъкидлади. Қурилиш майдонларини ўз вақтида тайёрлаш ва инвесторлар учун зарур шароитларни яратиш ишлари Янги Тошкент дирекцияси орқали марказлашган ҳолда ташкил этилади.
Янги шаҳарда электр энергияси, ичимлик суви, канализация, иссиқлик таъминоти ва йўл тармоқлари қурилиш объектлари фойдаланишга топширилгунга қадар тайёр бўлиши лозимлиги кўрсатиб ўтилди. Шу муносабат билан вилоятларга бириктирилган ҳудудларни инфратузилма билан таъминлаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш топширилди.
Шунингдек, Янги Тошкентда фақат турар жойлар қуриш билан чекланиб қолмаслик зарурлиги таъкидланди. Ҳудудларда замонавий бизнес ва савдо марказлари, меҳмонхоналар, таълим, тиббиёт, маданият ва спорт объектлари, аҳоли дам олиши учун жамоат масканлари ташкил этилиши керак.
Барча иншоотлар ягона меъморий концепция ва "яшил қурилиш" талабларига мос бўлиши шартлиги қайд этилди. Ҳудудлар ўртасида замонавий архитектура ечимларини қўллаш, халқаро брендларни жалб қилиш ва жамоат жойларини ободонлаштириш бўйича рақобат муҳитини шакллантириш вазифаси ҳам белгиланди.
Йиғилишда "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар ҳам танқидий муҳокама қилинди.
Маълум қилинишича, кузги кўчат экиш мавсуми 8 ноябрдан бошланган бўлса-да, айрим ҳудудларда ишлар суст ташкил этилмоқда. Хусусан, Тошкент, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида белгиланган режалар ижроси қониқарсиз деб баҳоланди.
Бундан ташқари, баҳорда экилган кўчатларнинг учдан бир қисми нобуд бўлгани, айрим ҳудудларда эса амалда экилмаган кўчатлар ҳисоботларга киритилгани танқид қилинди.
Шавкат Мирзиёев дарахт экишда сон ортидан қувиш эмас, балки кўчатларнинг тутиб кетиши ва узоқ йиллар давомида ўсишини таъминлаш асосий мезон бўлиши кераклигини таъкидлади.
Бунинг учун ҳар бир ҳудуднинг иқлим ва тупроқ шароитидан келиб чиқиб, сувсизлик, иссиқлик ҳамда шўрланишга чидамли дарахт турларини танлаш, суғориш тизимларини яратиш ва кўчатларни мунтазам парваришлаш зарурлиги айтилди.
Кўкаламзорлаштиришда маҳаллий иқлимга мос, парвариши осон ўсимликлардан фойдаланишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, маҳаллий гул ва манзарали ўсимликлар етиштиришга ихтисослашган кўчатхоналар ташкил этиш, сувни кўп талаб қиладиган чим экиш ўрнига тожихўроз, райҳон, жамбул ва маҳаллий буталарни кўпайтириш таклиф этилди.
Шунингдек, ҳар бир маҳаллада аҳоли жон бошига камида уч тупдан дарахт экиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, маҳалла раислари ва ўрмон хўжалиги ходимларининг масъулиятини ошириш вазифаси қўйилди.
Мутасаддиларга жорий йилда экиладиган кўчатларнинг камида 90–95 фоизи тутиб кетишини таъминлаш, аввалги йилларда барпо этилган яшил майдонларни сақлаш ва парваришлаш бўйича аниқ чоралар кўриш топширилди.
Йиғилиш якунида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.






