Тошкент шаҳрида эркак ўзининг икки нафар вояга етмаган қизига нисбатан жинсий зўравонлик содир этганликда гумонланмоқда. Унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида икки нафар вояга етмаган қизга нисбатан жинсий зўравонлик содир этилгани ҳақида видеомурожаат тарқалган. Унда фуқаро Ж.Н. турмуш ўртоғи М.А. икки нафар қизи — 2014 йилда туғилган М.Ш. ва 2021 йилда туғилган М.Э.га нисбатан жинсий зўравонлик содир этганини билдирган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан тегишли процессуал ҳаракатлар олиб борилмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан зўравонликда гумонланаётган шахс қамоққа олинган.
Шунингдек, "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази мутахассислари томонидан оилага психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш таклиф этилган. Бироқ мурожаатчи аёл болаларнинг ҳолати ва оилавий вазиятдан келиб чиқиб, ҳозирча мазкур хизматлардан фойдаланишни ихтиёрий равишда рад этган.






