Юз териси йил-ўн икки ой парваришга муҳтож. Аммо қишда яқинлашгани сари бунга эҳтиёж ниҳоятда ортади. Совуқ шамол, қор, ёмғир, бўронларда юз териси кўп азият чекади. Бу юзнинг ташқи кўринишида акс этишидан ташқари тери қаватларида ҳам маълум ўзгаришлар рўй беради. Хўш, қишда юзга қандай парвариш лозим?
Кўчага чиқишдан аввал...
Қишда намлантирувчи кремлар ўрнига фақат озиқлантирувчи кремлардан фойдаланиш керак. Бу кремларни юзга кўчага чиқишдан 20 дақиқа аввал суртинг. Яна ҳар куни кечқурун уй шароитида қуйидаги ниқобларни қўллаш мумкин:
- Сметанали ниқоб. Озроқ қовоқ ёки петрушка илдизини қирғичдан чиқариб, сметана билан аралаштиринг. 20 дақиқадан сўнг қайнаган сув билан ювинг.
- Хурмоли ниқоб. 2 ош қошиқ хурмо этига 2-3 ош қошиқ илик ёғи, 1 дона тухум сариғи, 1 чой қошиқ асал, ўсимлик ёғи қўшинг. Унга томчилатиб 1 ош қошиқ камфора спирти ҳам аралаштирилса, у бактерияларга қарши хусусият ҳам касб этади. Бу ниқоб қуриган юзлар учун жуда фойдали.
- Сабзили ниқоб. Сабзини қирғичлаб, унга ярим чой қошиқ эзилган сули ёрмасини қўшинг. Ниқобни юзга суртиб, 20 дақиқага қолдиринг.
Юз терисининг тури совуқда ўзгариши мумкин
Юз парвариши, албатта, унинг турига қараб танланади. Ёзда юзингиз териси ёғли бўлган бўлса, совуқ тушиши билан у нормал тусга кириши мумкин. Қишки мавсумда юз териси қандайлигига қараб қуйидаги муолажаларни ўтказинг:
- Қуруқ терига ҳафтада 2 маротаба озиқлантирувчи ва 1-2 марта витаминлаштирилган ниқоблар суртиш лозим. Бундай ниқоблар таркиби буғдой, авокадо, агава, бодом, шафтоли ёғлари, лецитиндан иборат бўлиши керак. Қуруқ тери доимий равишда намлантириб турилади, шунинг учун ойда 1-2 марта озиқлантирувчи кремни намлантирувчи турига алмаштириб қўллаш керак.
- Ёғли тери совуқда унчалик кўп азият чекмайди. Ҳатто бу мавсумда бундай тери соҳибалари юзидан шикоят қилмай қўяди. Шунга қарамасдан уни ҳафтада 1 марта озиқлантирувчи, витаминлаштирилган ниқоблар билан сийлаб, таркибида прополис, розмарин, бодринг экстракти, лаванда ва игнабаргдан бўлган плёнкали ниқобларни қўлланг. Шунингдек, спиртсиз лосьонлардан ҳам фойдаланинг.
- Нормал терига ҳафтада бир-икки марта намлантирувчи воситалардан суртиш кифоя.
Юзда шамоллаш бошланганда...
Аёз ўз ҳукмини ўтказиб, юзингизда совуқ туфайли шамоллаш, юз мускулларининг тортилиши, оғриқ бошланса-чи? У ҳолда юзнинг ўша қисмларига алоҳида қараш лозим. Кунига 3 маротаба намлантириш, компресс, парли ванналар ва ёғлироқ кремларни суртиш керак.
Юз терисининг шамоллаши одатда теридаги томир деворлари ўтказувчанлигининг ортиши, юзда турли асоратларнинг пайдо бўлиши, у билан боғлиқ оғриқ, шиш ва қизариш билан кечади. Шунинг учун ҳам юз териси шамоллаганда, унга қарши қўлланилаётган крем таркибида қуйидаги компонентлар бўлиши шарт:
- Антиоксидантлар комплекси. Улар шамоллашни тўхтатиб, ташқи таъсирларни нейтраллаштиради.
- Мойчечак экстракти юз терисини юмшатиб, унинг қайта тикланиши ва асоратларининг сўрилишига ёрдам беради.
- Д-пантенол юз тери қопламасини яхшилайди, терини коллагенини тиклайди.
- А ва Е витаминларига бой бўлган авокадо мойи эса нозиклашган юз терисини ультрабинафша нурларидан ҳимоя қилади.
Мақола дерматокосметолог Сурайё Мирсодиқова билан ҳамкорликда тайёрланди.
Дилноза УМАРОВА