— Шу кунларда бошимда қазғоқ пайдо бўлганини сезаяпман. Кунлар салқинлашиб, тўқ рангли либослар кийиш вақти келганида ноқулай вазиятга тушиб қолишдан уялаяпман. Айтингчи, қазғоқдан уй шароитида халос бўлиш мумкинми? Бунинг учун нималар қилиш тавсия этилади?
Мутахассис — трихолог Шерзод Маҳмудов
Сабабини аниқлаймиз!
Бош териси 26-28 кун давомида янгиланиб туради. Яъни янги ҳужайралар пайдо бўлиб, эскиси тўкилиб кетиши учун шунча вақт талаб этилади. Бироқ баъзи ҳолларда бу жараён тезлашиб кетади ва вазифасини ўтаб бўлган ҳужайралар кўпайиб, нохушлик юзага келади. Бу тиббиёт тилида гиперкератоз дейилади. Одатда қазғоқ икки хил: қуруқ ва ёғли бўлади. Агар у кичик ҳажмли ва оқ рангда бўлса, нотўғри парвариш ёки бош терисининг қурқулашиши туфайли юзага келган қуруқ қазғоқ ҳисобланади. Агар у сарғиш тусли, катта ҳажмли бўлса, демак замбуруғларнинг кўпайиб кетиши натижасида юзага келган. Аслида, бундай замбуруғлар ҳар бир инсон организмида мавжуд. Фақат баъзи омиллар, айтайлик иммунитетнинг сусайиши, асабийлик, ошқозон-ичак тизими фаолиятидаги бузилишлар (дизбактериоз), моддалар алмашинувининг бузилиши (эндокрин хасталиклар), нотўғри овқатлашиш, озиш учун парҳезлар туфайли уларнинг сони кўпайиб кетади. Агар сиздаги нохушлик бош терисининг қуруқлашиши натижасида келиб чиққан бўлса, парвариш воситаларингизни ўзгартириш орқали муаммони ҳал этасиз. Бордию қазғоқ ёғли, яъни замбуруғларнинг кўпайиб кетиши оқибатида юзага келгани аниқланса шифокор билан маслаҳатлашиш талаб этилади.
Бошни ювишда ҳам гап кўп
Ёғли бош териси замбуруғлар ривожланиши учун қулай муҳит ҳисобланади. Бироқ ҳар куни ювиш ёғ ишлаб чиқарилишини жадаллаштириб, вазиятни янада мураккаблаштиради. Шунинг учун бошни тўғри ювишга аҳамият қаратиш лозим. Яъни шампунни бошга суртганингиздан сўнг, ёғ қатламини тозалаши учун 3-5 дақиқа кутасиз. Агар шампунни бундан кам муддат ушласангиз у фақат чангни тозалайди, ёғ қатлами эса аввалгидек қолиб кетаверади. Шунчаки, кутмаслик учун уқаловчи ҳаракатлар билан шампунни бош териси бўйлаб тақсимлаб борасиз. Мутахассислар бошни ҳафтада икки-уч бор ювишни тавсия этишади.
Қандай восита афзал?
Афсуски кўп ва хўп реклама қилинган шампунлар доим ҳам натижа беравермайди. Чунки уларнинг таркибида рух моддаси мавжуд. Рух бош терисини қуруқлаштириб, тери тўқилишига, яъни қуруқ қазғоққа сабаб бўлиши мумкин. Натижада организм кўпроқ ёғ ишлаб чиқара бошлайди. Хуллас ёпиқ занжир юзага келади. Шунинг учун таркибида кетоконазол, октоперокс, пироктон оламин каби моддалар мавжуд, дорихонада сотиладиган воситалардан харид қилганингиз афзал. Уларни ҳам икки ҳафтадан ортиқ қўллаш тавсия этилмайди. Айнан қайси восита сиздаги муаммони бартараф этишига эса трихолог шифокор аниқлик киритади. Нохушлик чекина бошлагач таркибида салицил кислотаси мавжуд воситалардан фойдаланиш ёки шу кислотадан махсус ниқоблар тайёрлаш мумкин. Салонда амалга ошириладиган муолажалардан мезотерапия, озонотерапия, крио уқалаш, дарсонваль каби амалиётлар қазғоқдан халос этади.
Эҳтиёт чоралари
Пар ёстиқ ҳам замбуруғлар ривожланиши учун қулай муҳит ҳисоланади. Агар қазғоқни даволасангизу, ёстиғингизни ўзгартирмасангиз, нохушлик қайталанаверади. Шунинг учун қазғоқ безовта қилаётган кишиларга синтетик ёстиқдан фойдаланиш ёки ёстиқни тез-тез қуёш нурлари остида қолдириш тавсия этилади. Чунки ультрабинафша нурлари ҳам замбуруғларга қирон келтиришга қодир. Бундан ташқари бошни ювганингиздан кейин ўн дақиқадан ортиқ сочиққа ўраб қўймасликка ҳаракат қилинг. Илиқ ва нам муҳит ҳам замбуруғларнинг кўпайишига олиб келиши мумкин.
МАФТУНА тайёрлади.






