АсосийSalomatlik

​Дармондори қовоқ... мазали, фойдали, кўзни қувонтиради, ошқозонни ҳам

'​Дармондори қовоқ... мазали, фойдали, кўзни қувонтиради, ошқозонни ҳам'ning rasmi

Бир неча юқори кўрсаткичларга эга қовоқ полиз экинлари ичида биринчидир. Ҳа, биринчи ва жуда фойдали. Қовоқнинг кўп турлари кейинги ҳосилга қадар тўйимлилик қийматини сақлайди. Фақат бандини узмаган ҳолда сақласангиз бўлгани.

Иккинчи кўрсаткичлари — минерал моддаларга ва микроэлементларга бой. Таркибида каротин моддасининг кўплиги мағзининг сариқ ва сабзи рангда бўлишини таъминлаган. Қалин косаси сабаб таркибидаги витаминлар узоқ вақт сақланади.

Учинчи кўрсаткичдагиларнинг турли кўриниш ва навлари мавжуд. Қовоқнинг витаминли деб аталувчи нави каротин моддасига, айниқса, бой. Бундай нави тиббиётда дори-дармон тайёрлашда қўл келади. Қовоқнинг айрим навларидан сув сақлаш учун, мусиқий асбоблар тайёрлашда, ҳатто музейларда безак сифатида ҳам фойдаланишади. Декоратив (безак учун ишлатиладиган) қовоқлар мўъжизакор шакл ва рангларга эга: йўл-йўл салла, сабзи ранг шляпа, олачипор соябон, нок, кичик гумбазсимон.

Барчасидан кўриниши, мазаси ва фойдали жиҳатлари билан устун турадиган мускат нави алоҳида эътиборга эга. Уни ноксифат кўринишидан тезда аниқлаш мумкин. Пўстлоғи юпқа, тезда ажралади. Мағзи сабзи рангида, қирмизи бўлади. Таркибида каротин моддаси кўп миқдорда. В9 витамини, фолацин моддасига тўйинганлиги сабаб бўлажак она ва икки ёшгача бўлган гўдаклар учун жуда зарур.

Қадимдан бизга маълумки, қовоқ буйрак ва сийдик чиқариш йўли, гепертония ва кўплаб юрак қон-томир хасталикларига жуда шифобахшдир. Ундан парҳезбоп таом сифатида фойдаланилади. Қайнатиб пиширилгани ошқозон ва ичаклар учун яхши дармондори. Етилиб пишган қовоқ мағзида пектин моддаси кўп миқдорда, шу сабаб овқат ҳазм қилиш жараёнини яхшилайди, организмдаги ортиқча хилтларни чиқариб ташлайди. Қовоқнинг яна бир устунлиги шундаки, мазали ва витаминларга бой бўлса-да, кам калорияга эга.

Қовоқ писталари — унинг ҳам ўзига хос хусусиятлари бор. Писта мағзи Е витаминига бой, шунингдек, В15 га ҳам. Бундай витаминлар кишига куч-қувват бериб, иммун тизимини меъёрда ушлайди, касалликларга қарши курашувчанликни оширади. Писта мағзи ценк моддасига бой бўлиб, асаб тизимига ижобий таъсир кўрсатади. Писта мағзини қовуриб, майдалаб боланинг таомига кўшиб бериш мумкин.

Қовоқдан кўплаб таомлар тайёрланади, айниқса, бўтқа сифатида истеъмол қилсангиз, жуда мазали ва эмизикли оналар учун фойдали. Мускат навли қовоқдан оддий ва осон тайёрлаш мумкин: мағзини буғда пишириб, тўртбурчак шаклда тўғранг, сўнг шундай шаклда тўғралган олма ва апельсин қўшинг-да, лимон шарбати, асал, ёғсиз қаймоқ қўшиб аралаштиринг — мўъжизанинг ўзгинаси, мазали ва жуда фойдали.

Бошқа янгиликлар