1

“Дайди” ​фильми режиссёри: У Морган Фриман эмас, унинг қиёфадоши (Фото)

ШОУ-БИЗНЕС 11.02.2017, 18:16
“Дайди” ​фильми режиссёри: У Морган Фриман эмас, унинг қиёфадоши (Фото)

Ўтиб бораётган ҳафтада ўзбек киноижодкорлар томонидан яратилган блокбастер жанрида суратга олинган “Дайди” фильмининг пемьераси Голливуд актёри Морган Фриман сабабли қолдирилганлиги ҳақида хабар бергандик.

“Ўзбеккино” МА томонидан тақдим этилган расмий билдиришномада “TIMUR FILM” МЧЖ томонидан суратга олинган “Дайди” бадиий фильмини жамоатчилик орасида тарғибот қилишда бир қатор қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқлангани маълум қилинганди.

Жумладан, мазкур фильмнинг трейлери, баннерлари ва чипталари чиқарилиб, уларда машҳур киноактёр Морган Фриманнинг Буюк Британия ва Жанубий Кореялик киноижодкорлар томонидан 2014 йилда ишлаб чиқарилган "Last Knights" (“Сўнгги рицарлар”) фильмида суратга тушган қиёфаси акс эттирилган. Аммо, актёрнинг қиёфаси фильмнинг агентликка тақдим этилган нусхасида бўлмаган.

“Ўзбеккино”нинг маълумот беришича, “TIMUR FILM” МЧЖ томошабинларнинг фильмга нисбатан талабини кучайтиришга эришиш мақсадида машҳур кино юлдузини фильмда суратга тушганлигини билдирувчи ёлғон (чалғитувчи) маълумотлар тарқатиб, истеъмолчиларнинг (томошабинлар) ҳуқуқларини паймол қилган.

Киноижодкорлар томонидан амалга оширилган ушбу ноқонуний ҳаракатлар юзасидан изоҳ олиш мақсадида фильм режиссёри Сирожбек Абдуллаев билан боғландик.

Мурожаатимизга Сирожбек фильмдаги Морган Фримен эмаслигини унинг Ўзбекистондаги ўхшаш чеҳраси, яъни қиёфадоши эканлигини маълум қилиб, бизга ушбу суратни тақдим этди.

Шу тариқа таҳририятимизга режиссёрнинг талқини бўйича Голливуд актёрига ўхшаш инсон қиёфаси тақдим этилди. Бу қиёфа қандай яратилганлиги ёҳуд бу инсон аслида кимлиги тўғрисидаги саволларга жавоб ололмадик.

Суратлар борасида бирор фикр билдиришни лозим топмадик, хулоса чиқариш мухлисларга ҳавола.

Эслатиб ўтамиз, айни дамда “Ўзбеккино” МА юқоридаги ҳолатлар бўйича Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига ҳамда Интеллектуал мулк агентлигига расмий тақдимнома киритган.

Қайд этилган масалалар мазкур давлат идоралари томонидан кўриб чиқилгунига қадар “Дайди” фильмини кинотеатрларда тақдимотини ўтказиш ва кенг намойиш қилишни тўхтатиб туриш кўрсатмаси берилган.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1