АсосийJamiyat

​Хивада тeмир йўл, вокзал ҳамда янги масжид қурилиши бошланди

'​Хивада тeмир йўл, вокзал ҳамда янги масжид қурилиши бошланди'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунйодкор¬лик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида 27-28 январь кунлари Хоразм вилоятига ташрифи чоғида Хоразм воҳасида қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилишини алоҳида таъкидладилар.

Президентимиз Хоразмнинг туризм борасидаги имкониятларидан унумли фойдаланиш, бунинг учун янги йўналишлар ташкил этиш борасида тавсиялар, кўрсатмалар бериб, Урганчдан Хивагача темир йўл ва Хива шаҳрида замонавий вокзал барпо этиш, бу йўлда электропоездлар, келгусида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” тез юрар поэзди қатновини йўлга қўйилишини алоҳида қайд қилган эдилар.

Жорий йилнинг 10 феврал куни ушбу улкан бунёдкорлик жараёни билан боғлиқ мутасадди ташкилотлар рақбарлари, фаоллар, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида Урганч туманидаги “Тандирчи” маҳалласи ҳудудида мазкур темир йўл қурилишига тамал тоши қўйилди, деб ёзади “Хоразм ҳақиқати” газетаси.

Вилоят ҳокими П.Бобожонов бу улкан бунёдкорлик иши Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 26 йиллик байрами кунигача тугалланиши ва бунинг учун барча зарур шарт-шароитлар мавжудлигини таъкидлади.


Шу куни Хивада қад ростлайдиган темир йўл вокзали пойдеворига ҳам илк ғишт қўйилди.

Хива тумани ҳокими Э.Ёқубов узунлиги қарийб 30 километрни ташкил қиладиган темир йўлни келтириш муносабати билан шаҳар ва шаҳар атрофида туризм жозибадорлигини ошириш, шунингдек, маҳаллий аҳоли дам олиши билан боғлик кўплаб сайилгоҳлар, хиёбонлар, боғлар, гулзорлар яратилиши, янги турар-жойлар, муҳташам иморатлар қад ростлашини мамнуният билан билдирди.

Шу куни Урганч шаҳридаги Охунбобо масжиди қурилиши муносабати билан ушбу яратилажак маҳобатли масжид пойдеворига илк ғишт қўйиш тадбири ҳам бўлиб ўтди.

Бошқа янгиликлар