Улар саёқ юрган аёлдан эрини рашк қилиб ёқалашгани учун суднинг қора курсисига ўтиришди
Санобар (исм-шарифлар ўзгартирилган) турмуш ўртоғи Достон билан укаси Анварнинг туғилган кунини нишонлаш учун онасининг уйига йўл олишди. Улар онасининг уйига етиб келишганда, уйда Анвар, акаси Равшан, синглиси Азиза, онаси ва Саида исмли таниш қиз ўтиришарди. Кунлар иссиқ бўлганидан меҳмонлар учун ҳовлига жой қилинган эди. Ҳамма йиғилгач, овқат сузилди, ўтирганлар бирин-кетин Анварни туғилган куни билан табриклашди, эркаклар “соғлик учун” деб қадаҳ кўтаришди. Ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлган пайтда Анвар кўчага чиқиб кетди. Орадан тахминан бир соатлар ўтгач, у ўзи билан кўчадан Наргиза исмли аёлни етаклаб келди.
Кутилмаган меҳмон
Наргизанинг ташрифи ўтирганларга хуш ёқмади. Одоб юзасидангина унга “олинг-олинг” деб манзират қилишди. Рустам укаси Анварни бир четга тортди.
— Анвар, ўзингдан катта бу аёлни нимага эргаштириб юрибсан? Чиқариб юбор, кетсин!
— Ака, бугун туғилган куним, истаган одамимни уйга таклиф қилишга ҳаққим бор! Нима ёши катта бўлса одам эмасми? – деди жаҳли чиқиб Анвар.
— Ҳеч бўлмаса онамнинг олдида уялсанг бўлармиди? Яхшилик билан уни уйдан чиқариб юбор! – деди Равшан ғазабдан тишларини ғижирлатиб.
Ака-уканинг жанжаллашаётганини кўриб, Наргиза секингина уйдан чиқиб кетди. Унинг ортидан Санобарнинг эри Достон эргашди. Санобар ака-укани ажратиш билан овора бўлиб, эрининг кетганини сезмай қолди.
— Опа, поччам Наргизанинг орқасидан кетди, яна униям бошини айлантириб олмасин, – деди синглиси Азиза Санобарга.
Кўчадаги муштлашув
Кутилмаган меҳмон — Наргиза сабабли уйда жанжал кўтарилганидан ғазаби қайнаб турган Санобарни синглисининг гаплари баттар асабийлаштирди.
— Мен билан юр, уларнинг орқасидан борамиз.
Опа-сингил кўчага чиқишганда вақт алламаҳал бўлганди. Улар Достонни қидириб, бозор атрофидаги кўчалардан бирига киришди. Шу пайт уларнинг қаршисидан қўлида пиво шишасини кўтарганча Достон билан Наргиза чиқишди. Эрининг ярим кечаси бегона аёл билан кўчада пиво ичиб юрганини кўрган Санобарнинг тепа сочи тикка бўлди. Хотинининг авзойини кўрган Достон секингина Наргизани ташлаб, жуфтакни ростлади.
— Эй, ифлос, ярим тунда бировнинг эри билан нимага етаклашиб юрибсан? – деб Наргизага ҳужумга ўтди Санобар.
— Менга нима дейсиз? Зўр бўлсангиз эрингизни тийиб олинг, – гапдан қолмади Наргиза.
— Ўзи сендақа аёллар ҳамма жойни булғайди. Адабингни бериб қўймасамми? Ҳозир шармандангни чиқараман! — дея Санобар Наргизанинг сочларига чанг солди.
Азиза ҳам опасига ёрдамга етиб келди. Улар Наргизани аёвсиз калтаклашди, бу ҳам камлик қилгандай, устидаги кийимларини тортқилаб, йиртиб ташлашди. Опа-сингилнинг кўчага чиқиб, қайтмаганидан хавотирга тушган Саида уларни излаб юрганда катта жанжалнинг устидан чиқди. Аёлларни ажратишга ҳаракат қилаётганда Наргиза унга ҳам бир мушт туширди. Бегуноҳдан калтак егани алам қилиб, у ҳам Наргизани тепкилай кетди. Наргизанинг додлаганидан уйқудаги одамлар кўчага югуришди. Аммо Наргизанинг устида кийимлари йиртиб кетганидан эркаклар яқинлашишга журъат этишолмади. Опа-сингиллар Наргизани яланғоч ҳолда хумордан чиққунча калтаклаб, кейин қарғанча уйлари томон йўл олишди.
Саёқ юрган таёқ еди, аммо...
Шовқиндан уйғониб кетган Мастура хола ҳам кўчага чиқиб, у ерда кийимлари йиртилиб кетган қизнинг йиғлаб ўтирганини кўрди. Унинг Наргизага раҳми келиб, уйидан халат олиб чиқди. Эртаси куни олган тан жароҳатидан тоби қочган Наргиза шифохонага мурожаат этди.
Бу ерда Наргиза жабрланувчими ёки айбдорми? Балки у ярим кечаси бегона эркакнинг уйига кириб бориши ахлоқ-одоб қоидаларига зидлигини тушунганда шунча машмаша бўлмаган, Санобар, Азиза, Саидалар ҳам безорилик жиноятини содир этиб, суднинг қора курсисига ўтиришмаган бўлармиди?
Лола ШОИМОВА журналист