Жомбой туманида пахта майдонлари кескин қисқартирилиб, ғалла, мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари етиштириш, боғдорчиликни ривожлантириш, замонавий иссиқхона хўжалигини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, деб ёзади ЎзА.
Самарқанд вилоятидаги интенсив боғларнинг катта қисми Жомбой тумани ҳиссасига тўғри келади. Сабзавот маҳсулотлари етиштириш ва уни қайта ишлаш, янги турдаги қишлоқ хўжалик экинлари парваришлаш борасида ҳам туманда бой тажриба тўпланган. Ўтган йили туманда Голландиянинг “Бейо-Заден” ва Украинанинг “Гелиос-1” компаниялари билан ҳамкорликда интенсив усулда сабзавот етиштириш бўйича тажриба алмашилди.
2016 йилда тумандаги “Мароқанд мева-сабзавот” фермер хўжалигида 350 гектар майдонда помидорнинг интенсив навлари янги усулда экилиб, парваришланди. Италиядан келтирилган махсус сеялка ёрдамида уруғ тарзида экилган помидорнинг гектаридан ўртача 80 тоннадан ҳосил олинди.
“Кейинги йилларда юртимизда помидор етиштиришда турли ўсимлик касалликлари туфайли мураккабликларга дуч келинмоқда, – дейди “Мароқанд мева-сабзавот” фермер хўжалиги иш юритувчиси И.Турсунов. – Янги усулда помидор етиштириш бундай ҳолатларнинг олдини олиш, ер ва сувдан унумли фойдаланиш, ўғит тежамкорлигига эришиш ҳамда қўл меҳнатининг камлиги билан бизга маъқул бўлди. Касалликка чидамли, зараркунандалардан холи бўлган бу помидор уруғи зарур воситалар билан ишлов берилган ҳолда экилди. Экин учун керакли ўғит сувга қўшилиб томчилатиб суғориш технологияси асосида берилди. Тўқсон кунда пишиб етилган ҳосил Германиядан келтирилган махсус комбайнлар ёрдамида териб олинди ва қайта ишланиб, хорижга экспорт қилинди. Бу йил хўжалигимизда яна ҳам кўпроқ майдонда янги усулда помидор етиштириш ва ҳосилдорликни 100 тоннага етказиш режалаштирилган”.
Жорий йилда туманда интенсив боғларни кенгайтириш, ёнғоқзорлар ташкил этиш ва бошқа экспортбоп қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш кўзда тутилган.






