“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик доирасида 11 бемор бола Германия клиникаларида даволаниб, юртимизга қайтиб келди. Тошкент халқаро аэропортида уларни давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар кутиб олди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Пахтаободлик Тожимуҳамедовларнинг ҳам икки фарзанди Германия клиникаларида даволанаётган эди. Улардан бири – 13 ёшли Муслимбек муолажаларни тугатиб, ота-онаси бағрига қайтиб келди.
Олотлик Болтақуловлар ҳам бундан олти ой аввал 10 ёшли ўғли Мадаминни Германияга кузатган эди. Операция натижасида унинг чап оёғида куйишдан қолган асорат бартараф этилди. Шифокорлар ота-онага келгусида фарзандининг саломатлигини назорат қилиш ва болани парваришлаш бўйича маслаҳат ва тавсиялар берди.
"Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди ва Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти ҳамкорлигида ҳаётга татбиқ этилаётган ушбу лойиҳа доирасида 2002 йилдан буён терининг куйиш асоратлари, туғма қўл-оёқ бўғимлари ва бошқа касалликлар билан хасталанган уч юз йигирма икки бола Германияда даволанди.
Мамлакатимиздаги етакчи клиникаларда оёғи, бўйни, лаб ва танглайида туғма нуқсони бўлган ногирон ва бемор болаларга тиббий ёрдам кўрсатилди. Ўттиз нафарга яқин бемор болада пластик жарроҳлик муолажалари бажарилди. Ҳамкорлик лойиҳаси давом этмоқда.