Тошкент шаҳар ҳокимлиги, давлат солиқ бошқармаси ҳамда Марказий банк бош бошқармаси томонидан уюштирилган матбуот анжуманида Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 2 февралдаги “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида пойтахтимизда бажарилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Бугунги кунда Тошкентда 274,8 минг нафардан зиёд пенсионерлар истиқомат қилаётган бўлиб, улар учун ойлик талаб 167,7 миллиард сўмни ташкил қилади. Ушбу маблағни ўз эгаларига белгиланган муддат ичида бериш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Эътиборга молик жиҳати шундаки, хоҳловчилар ўз пенсия ёки нафақасини пластик карточка кўринишида ҳам олишлари мумкин. Бунинг учун улар ўзлари яшаётган тумандаги Пенсия жамғармаси бўлимига ариза билан мурожаат қилиши, кифоя.