АсосийMutolaa

​“Бир қўлимда онам-у, бир қўлимда аёлим!”

'​“Бир қўлимда онам-у, бир қўлимда аёлим!”'ning rasmi

Бугун юртимиз чирой очиб, дастурхонимиз тўкин-сочин. Халқимиз турмуш тарзи ҳам юксалгандан-юксалиб бормоқда. Қадрият, урф-одат ва анъаналаримиз улуғланиб, кўкларга кўтарилмоқда.

Бу яхши албатта, афсуски, ҳозирги кунда ўзини кўз-кўз қилиб, бошдан-оёқ бачканаликка йўл қўяётган ота-оналар ҳам кўплаб учраб турибди. Энг ёмони бахтни, оила тотувлигини буюм, пул, мебель билан ўлчайдиган, дунёпараст, бирёқлама фикрловчилар исрофгарчилик бўлишига, шунингдек, ўзбек халқининг ўзига хос урф-одатлари нотўғри талқин қилинишига сабабчи бўлмоқда. Орзуга айб йўқ! Аммо, бу исроф қилиш керак дегани эмас. Тўғри, халқимизда “уйдаги гапни кўчага чиқарма” деган гап бор. Лекин бугун юқорида кўтарилган масала биргина бизнинг оилага хос эмас. Балки, кўплаб ажралишларга сабаб бўлиб, жамият муаммосига айланиб бораётгани мени шу мавзуни кўтариб чиқишга ундади!

Коллежни битириб, оилавий поликлиникада ишлаб юрган кезларим уйимизга совчилар кела бошлади. Оилада катта фарзанд бўлганим учунми, ҳар сафар улар келиб-кетганида, ота-онам ўзларини қўярга жой тополмай типирчилаб қоларди. Ўзим ҳам ғалати аҳволга тушардим.

Шу орада қўшни маҳаллада яшовчи йигит билан унаштирилдик. Катталарнинг келишуви асосида ўн беш-йигирма кун деганда тўйимиз бўлди. Ота-оналаримиз биз учун бор нарсаларини ўртага тикиб, қарз кўтариб бўлса-да, қисқа муддат ичида данғиллама тўй қилиб берди. Тўйдан кейин келинсалом ва бошқа урф-одатлар бирин кетин ўтказилди. Икки томон бир-бирларига совғалар улашди. Қариндош-уруғ, қуда-анда, дўст-ёрлар чақирилиб, зиёфатлар уюштирилди. Ҳар икки томоннинг ҳам кўнгиллари тўқ, бир-бирларидан миннатдор эдилар.

Тўйимиздан бир ойча вақт ўтиб, қўшнимиз келин туширди. Қўшнимизнинг тўйидан қайнонам кайфияти бузилиб қайтди. Ҳаммамиз атрофида гирдикапалак бўлиб, унинг кўнглини олишга ҳаракат қилдик. Фойдаси бўлмади, унинг кўнгли ёзилмади. Хуллас, эртаси куни мени ёнларига чақириб гап бошлади “келинпошша қўшнининг келини замонавий, қимматбаҳо мебеллар олиб келибди, сизникидан анча яхши” деди. Нима дейишни билмай ер чизиб қолавердим. Қайнонам яна гап бошлади-да, “ўзи, бойироқ оилани топиб қуда бўлиш керак экан” дея қошларини чимириб бир қараб қўйди. Индамасдан чиқиб кетдим-да, хонамизга кириб, ўксиб-ўксиб йиғладим! Шундан сўнг, қайнонам ҳар сафар нимадандир камчилик излайдиган, атайлаб камситадиган одат чиқарди. Ҳали чалларидаги, латта-путта, лаш-лушлар, ҳали келинсаломдаги буюмлар барча-барчасини бир-бир гапириб чиқди. Қайнотам ва турмуш ўртоғим менга эътибор бермаслигимни, хафа бўлмаслигимни айтиб, ўғлини қизғонганидан шундай қилаётганини ётиғи билан тушунтиришарди. “Онада фарзандини қизғонади ҳали ҳаммаси изига тушиб кетади” дея қарийб бир йил кутдим.

Шу орада ўғлимиз Шерозбек туғилди. Хурсандчилигимизнинг чеки йўқ, турмуш ўртоғим ва қайнотам қувонганидан ўзларига сиғмайди. Қайнонам ҳам бениҳоя суюниб кетди. Ўғлим туғилиши қайнонамнинг менга бўлган муносабатини атиги бир ҳафтага ўзгартира олди холос! Уйимиздагилар бешик олиб келишадиган бўлди. Бешиктўйда яна хурсандчилик қилинди. Эртаси куни қайнонам бешиктўйда олиб келинган нарсаларни камситиб, яна жанжал кўтарди. Ажрашиб кетай десам, турмуш ўртоғим яхши инсон, қайнотам ҳам мулоҳазали, дунёқараши кенг, олийжаноб одам. Қолаверса, фарзандимни тирик етим қилишдан қўрқаман. Қайнотам бир неча марта бошқа уйга алоҳида кўчириб чиқармоқчи бўлди. Лекин турмуш ўртоғим битта ўғил бўлгани учун унамади.

Бахт буюм ёки пул билан ўлчанмаслигига, ўғлим туғилганидан сўнг яна бир бор амин бўлдим. Ўзимни дунёдаги энг бахтли аёллардан бири сифатида ҳис қиламан. Оиладаги айрим муаммолар ўз-ўзидан ечимини топиб кетишига ишонаман. Қайнонамнинг гап-сўзларига ҳам кўникиб қолдим. Муҳими, турмуш ўртоғим мени тўғри тушунади. Унга ҳам қийин мени дея онасига қарши чиқолмайди, чиқмайди ҳам. Унинг мана шу хислатларини қаттиқ ҳурмат қиламан! Аёлини онасидан устун қўйган эркакдан нимани ҳам кутиш мумкин. Шукрки, у бунақа эмас, менга хатоларимни ётиғи билан тушунтиради. Турмуш ўртоғим ўша машҳур қўшиқда айтилганидек, “бир қўлимда онам-а, бир қўлимда аёлим, она-бола риштасин боғламоқлик хаёлим” дея қайнонам билан муносабатларимизни яхшилашга уринаётган экан, қўлимдан келганча уларга ёрдам беришга ҳаракат қиламан! Ўйлайманки, ҳали ҳаммаси изига тушиб кетади.

Қўшнимизнинг энг замонавий, қимматбаҳо мебеллар билан келган келини Шаҳзода бир ойгина бирга яшаб кейин ажрашиб кетди. Тўйларида сочилган долларлар ҳам, Дубайдан келирилган мебеллар ҳам, Франциядан олиб келинган атир-упалар ҳам, биронтаси, уларнинг оиласини сақлаб қололмади, бахтли қила олмади. Шундай экан қайсидир бачкана, бўлар-бўлмас одатларни урфга айлантираётган ота-оналар бир ўйлаб кўрса ёмон бўлмас эди. Қолаверса, ўртаҳол яшовчи инсонлар уларга тақлид қилиб, бир умр қарздан боши чиқмаётгани, натижада, оиладан барака кетаётгани ҳеч кимга сир эмас!..

Озода Қобилова,
Тошкент шаҳри.

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар