“Москва-Тошкент” йўналишидаги поезд “Келес” темир-йўл чегара божхона постига кириб келди. Амалдаги тартибга кўра, поезд йўловчиларининг қўл юклари божхона назоратидан ўтказилди. Назорат жараёни эса бу гал ҳам бир қатор тартиббузарларни фош этди.
ҲУЖЖАТСИЗ 240 ДОНА УЯЛИ АЛОҚА ВОСИТАСИ
Фуқаро С.Ниёзовнинг(мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) қўл юклари орасида йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва оғзаки сўровда тақдим этилмаган қиймати 2,5 млн. сўмни ташкил этган 240 дона муқаддам фойдаланилган турли хил уяли алоқа воситалари борлиги маълум бўлди.
“УНУТИБ” ҚЎЙИЛГАНЛАРИ ҲАМ БОР
“Келес” темир-йўл чегара божхона постига кириб келган яна бир йўловчи поезди — “Новосибирск-Тошкент” йўловчи поездида кириб келган фуқаро Р.Норов қиймати салкам 8,5 млн. сўмлик 282 та муқаддам ишлатилган уяли алоқа воситаларини йўловчи божхона декларациясида кўрсатишни ҳамда божхона ходимларининг оғзаки сўровида айтишни гўёки “унутиб” қўйибди.
ЯШИРГАНИ ФОШ БЎЛДИ
Чегара божхона постига кириб келган навбатдаги “Свердловск-Тошкент” йўналишидаги йўловчи поездда фуқаро Ғ.Кабировнинг қўл юклари назоратдан ўтказилди. Бу ҳам юқоридагилардан қолишмаган ҳолда 240 дона муқаддам ишлатилган уяли алоқа воситаларини божхона назоратидан яширган ҳолда олиб келаётган эди. Баҳолаш ҳисоботига кўра уддабурон шоввознинг ёнидан аниқланган уяли алоқа воситаларининг қиймати 4,5 млн. сўмни ташкил қилди.
ЖИНОЯТ ЖАВОБСИЗ ҚОЛМАДИ!
Суд қарорларига кўра, ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли жазо чоралари қўлланилиб, вақтинча олиб қўйилган уяли алоқа воситалари хавфсизлик талабларига жавоб бермаганлиги сабабли белгиланган тартибда йўқ қилинган.
МАЪЛУМОТ УЧУН
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 9 ноябрда 526-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Ўзбекистон Республикаси ҳудудига радиоэлектрон воситаларва юқори частотали қурилмаларникелтириш тўғрисидаги Тартиби”га кўра республикамиз ҳудудига олиб кирилаётган радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларнинг божхона расмийлаштируви Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг рухсати билан амалга оширилади. Шунингдек, мазкур тартибда ушбу рухсат билан олиб кириладиган жами саккиз турдаги радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалар келтирилган бўлиб, уяли алоқа воситалари (телефонлар) ҳам шулар жумласига киради.
РАҚАМЛАРГА МУРОЖААТ ҚИЛСАК
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Ахборот хизмати тақдим этган маълумотларга кўра, 2016 йил давомида Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари томонидан аниқланган 24 та қонунбузарлик ҳолатларида қиймати 16 млн. сўмдан ортиқ бўлган салкам 900 та радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.
Барно МАДАЛИЕВА тайёрлади






