Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарори имзоланди.
Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси намуналарининг Йўл ҳаракати тўрисидаги Конвенция (Вена шаҳри, 1968 йил 8 ноябр) тавсияларига мувофиқлигини таъминлаш, миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномаларни рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш тизимига замонавий ахборот-коммуникатсия технологияларини жорий этишни самарали ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси Ички ишлар вазирлигининг миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг пластик шаклда тайёрланадиган янги намуналарини босқичма-босқич жорий этиш ҳақидаги таклифига розилик берилиши ҳақида қарор қабул қилди.
Эндиликда миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг янги намунаси, автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намунаси, автомототранспорт воситаси техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги талоннинг янги намунаси тасдиқланди.


2017 йил 1 октябрдан бошлаб тегишли равишда миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштиришда — миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг, автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказишда (қайта рўйхатдан ўтказишда) — автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналари берилади;
янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси берилган кундан бошлаб 10 йил муддатга берилади.
Амалдаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларига алмаштириш 2017 йил 1 октябр — 2018 йил 31 декабр даврида — эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари учун, уларнинг берилган санасидан қатъи назар — улар эгасининг ёзма аризасига кўра ихтиёрий равишда;
2019 йил 1 январ — 2020 йил 31 декабр даврида — эски намунадаги барча миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари учун, уларнинг берилган санасидан қатъи назар — мажбурий тартибда амалга оширилади.
Автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани янги намунадаги гувоҳномага алмаштириш 2017-2020 йиллар мобайнида босқичма-босқич — автомототранспорт воситасини мажбурий техник кўрикдан ўтказишда амалга оширилади.
Эски намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар 2021 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.
Қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бошқаруви раиси А.Ж. Раматов ва Ички ишлар вазири А.А. Азизов зиммасига юкланди.






