АсосийJamiyat

​ “Кўк кит” ўйини қачон бошланган? Ўзбекистонлик ўсмирлар ундан қандай ҳимоя қилиняпти?

'​ “Кўк кит” ўйини қачон бошланган? Ўзбекистонлик ўсмирлар ундан қандай ҳимоя қилиняпти?'ning rasmi

Ҳамма ваҳимада... Бунга сабаб “кўк кит”, “тинч уй“ каби ”ўлим гуруҳлари”дир... Халқаро майдондаги янгиликларни кузатиб бораётган киши борки, ҳар икки хабарнинг бирида МДҲнинг қатор мамлакатлари, хусусан, Украина, Қозоғистон, Россия ва Қирғизистонда ўсмирлар ўртасида ўз жонига қасд қилиш ҳоллари кўпайиб бораётганлиги ва шу кеча-кундузда унинг қамрови кенгайиб бораётганлиги ҳақидаги маълумотларга тўқнаш келиши шубҳасиз. Агар интернетдаги қидирув тизимига “Синий кит” (“Кўк кит”), “Тихий дом” (“Тинч уй”) дея буйруқ берсангиз, бунга ўзингиз ҳам гувоҳ бўласиз. Энг ачинарлиси бот-бот ёзилаётган хабарларнинг барчаси хавфли ўйин ўсмир болаларни худкушликка ундаётгани ҳақидалигидир. Боз устига бу каби гуруҳлар ёмғирдан кейинги қўзиқориндек кетма-кет потирлаб чиқаётгани киши кўнглига ғулғула солади. Хўш, аслида у қандай ўйин ва нима учун айнан ўсмирларга тузоқ ташламоқда? Ўсмирлар-чи, улар нега бу гуруҳларга аъзо бўлиб қоляпти?

Қармоғи қаерда?

Сизу бизни ташвишга солаётган бу “ўлим гуруҳлари” асосан ижтимоий тармоқларнинг турли сегментларида ўз гу­руҳ­ларини турли номлар ва “хештег”лар остида ташкил этган ҳолда ўсмир ёшларни банди қилади. Бу каби гуруҳларнинг номлари асосан ўсмирларни тушкунликдан халос этиш, уларга кўмак бериш, муаммоларига ечим топа олиш имкониятларига қаратилган бўлиб, шу жиҳат билан жалб этади. Ўсмир ёшдаги болаларда эса бундай ҳолатлар тез-тез кузатилиши сир эмас. Шу боис ўсмирлар “ўлим гу­руҳ­лари”нинг номига қизиқиб ўйин “ссылка”сига киради ва унга аъзо бўлиб қолади. “Ўлим гуруҳлари” бошқарувчиларига эса бу жуда қўл келади.

Гуруҳлар қандай номланади?

Юқорида таъкидлаганимиз каби “ўлим гуруҳлари”нинг номини санаб адоғига етиб бўлмайди, аммо фожиага чорловчи оригинал гуруҳ аллақачон ёпилган. Гуруҳ яратувчиси эса яқинда ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотлар ҳам бор. Унинг исми Филипп Лис. Аммо норасмий маълумотларга кўра унга қўлланилган жазо бор-йўғи бир йиллик озодликдан маҳрум этиш бўлган, холос. Бир қанча ўсмирлар умрига зомин бўлган бу “ихтирочи”га қўлланилган жазо кишининг кулгисини қистади, шундай эмасми? Айтишларича, у руҳий касал эмиш. Аммо бу ҳақда ҳам бизда ҳеч қандай расмий асос йўқ. Энг ачинарлиси, унинг “ихтироси” жуда кўп издошларни пайдо қилди ва бугунги кунда улар турли номлар билан “ўлим гуруҳлари” сифатида ижтимоий тармоқларда фаолиятини давом эттиряпти. “Ўлим гуруҳлари”да хавфли ўйинлар “Мени тонгги 4:20 да уйғот” буйруқлари билан бошланади. Аксарият ўсмирлар айнан ана шу буйруқлар асосида хавфли гуруҳнинг қармоғига илинишади.

Қачон бошланган ва нега айнан кўк кит?

“Ўлим гуруҳлари”нинг хавфли ўйинига 2015 йилда ўзини поезд тагига ташлаган, ўша пайтда 16 ёшда бўлган Рина Поленкованинг ҳаракатлари туртки бўлган. У ўз жонига қасд қилишдан аввал ижтимоий тармоқдаги саҳифасида “ня. пока” дея пост қолдиради ва шундан сўнг бошини келаётган поезд тагига тутади. Жонига қасд қилишига сабаб эса йигитининг ташлаб кетгани бўлган. Бу бахтсиз ҳодисага ТВ ва таниқли блогерлар эътибор қаратади. Бу эса ўсмирлар орасида ўз жонига қасд қилиш оммалашишига сабаб бўлади. Биринчи “кўк кит” гуруҳи ташкил этилиши ҳам айнан ана шу жараёнларга тўғри келади. Нега бу “ўлим гуруҳлари” айнан “кўк кит”ни рамз сифатида танлашган? Чунки кўк китлар тез-тез депрессия сабаб ўзини қирғоққа, қуруқликка ташлаб жонига қасд қилишади. Мазкур илк гуруҳ шу тариқа Ринанинг ўлимини ёшлар орасидан татбиқ қила бошлайди. Қурбонлар эса ўтиш давридаги ўсмир ёшлар ҳисобланади.

Ўсмирлар нега ўйнайди?

Бу жуда оддий, ўсмирлар ўз ёшида атрофдагиларга ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатишга иштиёқманд бўлади ва ҳар қандай ўйинда ғолибликка интилади. Ижтимоий тармоқлардаги “ўлим гуруҳлари” ўсмирларнинг ана шу нозик жиҳатларига эътибор қаратган ҳолда улардан фойдаланишади ва хавфли ўйин якунидаги “ғолиблик”ка етаклайди.

Ўйин қоидаси нималардан иборат?

Ўйин шартлари эса 50 қисмдан иборат ва 50 кун давом этиб, охири ўйинчининг ўз жонига қасд қилиш ҳо­ди­са­­си билан якун­ланади. Ўйин қоидасига кўра, иштирокчи хавфли ўйин шартларини “ўлим гуруҳлари”нинг “Мени тонгги 4:20 да уйғот” буйруғи асосида эрталаб 4:20 да тармоққа кириб қабул қилиб олади. Гуруҳ етакчиси, уларнинг тили билан айтганда “куратор” эса тузоққа илинган ўсмирга самимий муносабатда бўлиб, унинг қизиқишлари, кайфия­ти ва ўзи ҳақида кўпроқ билишга интилади. Кейин ўсмирни текшириб кўриш учун ҳавола юборади ва жасурлигини синовдан ўтказади. Аввалига топшириқлар оддийгина бўлади, масалан, гуруҳнинг рамзини чизиш каби. Аммо кейинчалик бу шартлар мураккаблашиб, ҳатто “лезвие” билан қўлни тирнаб ёзишга ҳам мажбур қилади. Иштирокчи вазифаларни бажарганининг исботи сифатида берилган топшириқнинг бажарилганини суратга тушириб, гуруҳ “куратори”га кўрсатиши керак. Ана шу тахлит “ўлим гуруҳлари”нинг “куратори” томонидан ўйиндаги 50 та шартни бажариб боришга 50 кун давомида ўсмир мажбур қилинади. “Ўлим гуруҳлари” қўяётган ўйин шартларининг энг сўнгги босқичида ўсмирларнинг жасурлигини таъна қилавериб, энг юқори қаватдан ўзини ташлаш, тез келаётган автомобилнинг олдини кесиб ўтиш каби топшириқларни бажариш асносида худкушликни амалга оширишга ундайди.

Бажармаса, нима бўлади?

“Ўлим гуруҳлари” “кураторлари” берилган топшириқларни ўйинга аъзо бўлган ўсмирнинг сўнгги босқичда, яъни хавф­ли кульминацион нуқтада бажаришдан бош тортишига йўл қўймайди, бўйин товлаганларга таҳдид билан тазйиқ ўтказишади. Қандай қилиб дейсизми? Улар ўсмирга ҳавола юборади­ ва уни очишни таклиф этади. Бу “ўлим гуруҳлари”нинг яна бир тузоғи эканлигини қизиқиши устун келиб ҳаволага кирган ўсмир билмайди. Ҳаволага киргани заҳоти “ўлим гуруҳлари” “кураторлари” махсус дастур орқали ўсмирнинг IP ман­зилини аниқлаб, унинг уй манзилини билиб олишади ва шу орқали, сўнгги хавфли шартни, яъни худкушликни бажаришга мажбурлашади, акс ҳолда яқинларини йўқ қилиши мумкинлиги билан таҳдид қилишади. Ҳали ҳеч қандай қарорни мустақил қабул қилиш салоҳиятига эга бўлмаган ўсмир эса бу таҳдидлардан ваҳимага тушади ва 50-кунда 50-шартни бажаришга кўнади. Оқибат эса...

Бизнинг ўсмирлар қандай ҳимоя қилиняпти?

Маълумотларга қараганда, мазкур хавфли ўйин ҳамдўстлик мамлакатлари орасида кенг тарқалмоқда. 2016 йилда Россияда 320 нафар, Қирғизистонда 95 нафар ва Қозоғистонда 90 нафар ўсмирлар шу ўйин туфайли ўз жонига қасд қилган. Хўш, бизнинг ўсмирлар-чи, улар бу хавфдан қандай ҳимоя қилиняпти?

Равшан ЭРГАШЕВ, Тошкент шаҳар Халқ таълими Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари:

— Ҳозирги техник тараққиёт замонида хавф-хатар кутилмаган туйнуклардан кириб келмоқда. Ёшлигида компьютер ўйнамай, интернет нималигини билмай катта бўлган ота-оналар бугунги кунда интернетда қандай хавф-хатар яширинганлигини тасаввур ҳам қила олмайди. Ўзи кун бўйи ишда, боласи эса қўлида телефон билан ёки компьютер ёнида ёлғиз қолса, хоҳлаган сайтига кириши, хоҳлаган гуруҳига аъзо бўлиши мумкин.

Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали вояга етмаганларнинг онгига салбий таъсир кўрсатувчи турли бу каби “ўйин шаклида”ги маънавий таҳдидларнинг қурбонлари орасида асосан ёшларнинг бўлиши ачинарли ҳолат. Мавзуга оид тарқалган видеолавҳаларда акс этишича, “Кўк кит” деб номланган хавф­ли ўйинга ўсмирлар айнан шу ном остидаги “хештег” орқали қўшилиб қолади. Ўйиннинг сўнгги топшириғи эса ўз жонига қасд қилиш бўлишини била туриб, афсуски, уни ўйнаётган болалар бор. Чунки бу хавфли ўйин модераторлари ўз аъзоларини, яъни ўсмирларни бу дунё ғурбат, бунда яшаш осон эмаслигини уқтирган ҳолда гўзал ҳаётни ваъда қилувчи таъкидлар билан ўзига оғдириб олади.

Биз ана шундай хавфнинг олдини олиш мақсадида ўқувчи-ёшлар орасида қайси интернет тармоғидан фойдаланиши, қандай интернет ўйинларни билиши каби саволлардан иборат сўровнома ўтказдик. Натижаларга кўра эса ўсмирларимиз орасида бу ўйин ҳақида эшитганлар ҳам борлигига гувоҳ бўлдик. Аммо у қандай ўйин, шартлари нимадан иборатлигидан бехабар. Шунга қарамай, биз ана шу тоифа болаларга ўзларига сездирмаган ҳолда эътиборни кучайтирдик. Ота-оналар билан суҳбатлар ўтказиб, уларга бу хавф ҳақида тушунтиришлар бердик.

Ўз фарзандини ана шундай хавфлардан асраш учун ота-она унинг смартфон ва планшетида қандай ўйинлар ўйнаётганлигини, ижтимоий тармоқларда ким билан мулоқот қилаётганлигидан хабардор бўлиб туриши ўта муҳим. Энг яхшиси, болани имкон қадар кўпроқ машғулотлар билан банд қилиш керакки, интернет ўйинларини ўйнашга унинг вақти ҳам, кучи ҳам қолмасин.

Энг ёмони, фарзандининг ишончини йўқотиш ва ундан узоқлашиб кетиш. Бунинг олдини олиш учун ота-она боланинг ҳаётида кўпроқ иштирок этиши керак.

Ҳар қандай ўсмир ҳам тезроқ катта бўлишга ошиқади. Шундай вақтда у ижтимоий тармоқларда турли ғаламисларга дуч келиши мумкин. Ота-она боланинг ноқонуний фаолият юритувчи гуруҳларга аъзо бўлганини сезса, дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериши шарт. Шунда у нафақат ўз фарзандининг, балки бошқаларнинг боласи ҳаётини ҳам сақлаб қолиши мумкин.

Бу “ўлим гуруҳлари”нинг ҳаракатлари “интернет терроризм” деб ҳам аталаётганидан хавфнинг нечоғлик хатарли эканлигини анг­лаш мумкин. Шунга қарамай, ушбу саҳифада келтирилган маълумотлар асосида ҳар бир ота-она ўз фарзандини хавфдан ҳимоя қилса, яъни ўсмирларнинг интернетдан фойдаланишини, мобиль воситаларини назорат қилишни канда қилмаса, хавфга бироз бўлса-да, чап ­беришга эришиш мумкин.

Барно Мадалиева

Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

Бошқа янгиликлар