17-18 март кунлари Тошкент шаҳридаги “Ёшлар ижод саройида” “Бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси” бўлиб ўтади.
Ярмаркадан мақсад ўқишни тамомлаётган ёшлар, ҳарбий хизматни ўтаганлар, хотин-қизлар ва аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини иш билан таъминлашга кўмаклашиш ҳамда уларни тадбиркорликка кенг жалб этишдан иборат. Бу ҳақда Меҳнат вазирлиги Ахборот хизмати хабар берди.
Мазкур ярмарка Меҳнат вазирлигининг Тошкент шаҳар Меҳнат бош бошқармаси ташаббуси билан Бош прокуратура ҳузуридаги солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Тошкент шаҳар бошқармаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Ярмарка ишида Тошкент шаҳридаги 700 га яқин ташкилотлар, бирлашмалар, муассасалар ва йирик ишлаб чиқариш корхоналари, шунингдек кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, қурилиш корхоналари ўзларининг фаолият йўналишларига доир кўргазмалар ҳамда 500 минг сўмдан 2 млн. сўмгача ойлик маош бериладиган 13 мингдан ортиқ вакансиялари билан иштирок этишлари кутилмоқда.
Эътиборлиси шундаки, ушбу ярмарканинг янгича ва замон талаблари асосида, яъни иш ўринларига талабгорлар ярмарка давомида таклиф этилган иш берувчиларга ўз касб кўникмаларини намойиш этишлари учун алоҳида майдончалар ташкил этилиши белгиланган.
Мисол учун, тадбир давомида қурилиш, пайвандлаш, озиқ-овқат, сут ҳамда қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаси, жумладан тикувчилик ускуналарида тикиш-бичиш ва сартарошлик бўйича касб маҳоратлари намойиш этилади ҳамда иш берувчилар билан шу жойнинг ўзида меҳнат шартномаси тузиш мумкин бўлади.
Шунингдек, ёшлар, хотин-қизлар, айниқса касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорликка кенг жалб қилиш учун Тошкент шаҳридаги 30 дан ортиқ тижорат банклари имтиёзли кредитлар олишга кўмаклашиш, қулай ҳамда соддалаштирилган кичик бизнес лойиҳалари тақдим этиш ва белгиланган солиқ имтиёзларини қўлланишига доир кўргазмали тақдимотлари билан иштирок этадилар.
Бундан ташқари, ярмаркада ўз бизнесини ташкил этиш истагини билдирган битирувчи ёшларни тадбиркор сифатида Давлат рўйхатидан ўтказиш, уларга СТИР (ИНН) рақамлари бериш ва Халқ банки филиалларида ШЖБПҲ (ИНПС) рақамларини очиш, меҳнат дафтарчалари ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича кенг имкониятлар яратиб берилиши таъминланади.
Икки кун давомида ўтказиладиган ярмаркада Тошкент шаҳрининг 11 та тумани ва шаҳар атрофи ҳудудларидан 10 мингдан ортиқ киши ташриф буюриши кутилмоқда.