1

Янги йил, янги кун, янги олам, янги орзулар...

ЖАМИЯТ 17.03.2017, 11:54
Теглар: Байрам
Янги йил, янги кун, янги олам, янги орзулар...

Наврўз – янгиланиш, яшариш фаслининг дебочаси, тенглик, ҳамжиҳатлик, тотувлик айёми. Шу боис ҳар йили бу кунни ўзгача интиқлик, соғинч ва энтикиш билан қарши оламиз. Буюк мутафаккир, шеърият мулкининг султони Мир Алишер Навоий ҳазратлари бежиз “Ҳар тунунг қадр ўлубон, ҳар кунунг ўлсун наврўз”, дея лутф қилмаганлар.

Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти ҳали Ўзбекистон мустақилликни қўлга киритмасдан аввал, собиқ тузум давридаёқ, азалий байрамимиз Наврўзни мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида нишонлаш ташаббуси билан чиққан эди. Мустақиллик йилларидан миллий қадриятларимиз, барҳаёт анъаналаримиз қаторида Наврўз ва у билан боғлиқ урф-одатларни қайта тиклаш ва ривожлантиришга катта эътибор қаратиб келинмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида бу йил ҳам бу умрбоқий байрам юртимизда ўзига хос тантана қилинмоқда.

Аждодларимиз даҳоси тимсоли

Олимларимиз Наврўз тарихини ўн минг йилдан ортиқроқ деб ҳисоблайдилар. Наврўз аслида Марказий Осиёда яшаган қадимги аждодларимизнинг кашфиёти. У ҳали йил ҳисоби ўйлаб топилмаган, йиллар фаслларга, ойларга ҳафталарга бўлинмаган узоқ замонлардаёқ совуқ билан (қиш билан ёзнинг эмас) иссиқнинг алмашинуви кунлари экин-тикиннинг бошланиши муносабати билан байрам қилинган.

Наврўз байрами қадимги аждодларимиз тафаккурининг маҳсули эканлигини тасдиқлайдиган яна бир муҳим далил, Фарғона водийсидан топилган қоятош сувратларидаги мавсумий маросимларга оид чизгилардир. Маълумки, Фарғона водийсининг тоғли худудидаги Кўгарт давони яқинида, Саймалитош деган жойда кўплаб қоятош сувратлари, петроглифлар аниқланган.

Камида тўрт-беш минг йиллик тарихга эга бўлган мазкур сувратлардан бирида, иккита ҳўкиз, уларнинг атрофида 12 та одам, кеча ва кундузнинг 12 соатдан иборатлигини, кузги ва баҳорги тенг кунликни англатади.

Асрдан асрга, наслдан наслга

Қадимги юнон олими Страбоннинг ёзишича, икки дарё оралиғида истиқомат қилган аждодларимиз Наврўз куни оташкада, яъни оловга топиниладиган ибодатхоналарда тўпланишган ва йилбошининг 12 кун давомида тантана қилишган.

Таъкидлаш жоизки, Наврўз кўҳна Шарқ, хусусан, қардош халқларнинг ҳам севимли байрамларидан бири бўлиб келган. Зеро, тарихий манбаларда, жумладан Наршахийнинг “Бухоро тарихи”, Абу Райҳон Берунийнинг “Осорул-боқия”, Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит-турк”, Фирдавсийнинг “Шоҳнома”, Умар Ҳайёмнинг “Наврўзнома” асарларида Наврўзни азалдан Туронзамин халқлари катта шодиёна билан нишонлаганлари алоҳида қайд этилган.

Қадим-қадимдан Наврўз холис ниятли кишиларнинг севимли айёми бўлиб келган. Ўша кунларда ҳатто уруш-жанжаллар ҳам тўхталган, гина-қудратлар кечириб юборилган. Шоҳлар эл ичидан энг муносиб кишиларни тақдирлашган, айрим маҳбусларнинг гуноҳидан ўтишган.

Афсоналар тилга кирганда

Афсоналарга қараганда, Одам Ато Момо Ҳаво билан учрашган кун Наврўз деб тан олинган эмиш. Яна манбаларда қайд этилишича, Сулаймон подшоҳнинг узуги йўқолган кун подшоҳлиги ҳам қўлидан кетган. Қирқ кундан кейин узуги топилгач, подшоҳлиги ҳам, равнақи ҳам қайтиб келган. Подшоҳлар унинг ҳузурига тўпланадилар. Натижада шу кун Наврўз деб аталади.

Фирдавсийнииг „Шоҳнома“сида янги йил байрами шоҳ Жамшид номи билан боғланади. Жумладан, Жамшид юртга яхшилик қилиш мақсадида одамларга касб ўргатади, темир эритиб қурол ясатади, ип йигиртириб кийим тўқитади, иморатлар барпо қилади, табиблик сирларини очади, кема ясайди, боғ бунёд қилади. Ниҳоят, ишлари гуркираб берганда мева“ бир куни тахт ясатиб, унда осмонга кўтарилади. Ушбу афсонага кўра худди шу куни Наврўз нишонланган.

Яна афсоналарда келтирилишича, подшоҳ Жамшид кунлардан бир кун саҳрога чиқиб, қамишзорлар оралаб бораётса, ҳар бир ниҳолдан аллақандай мўъжизавий шарбатлар оқиб турган экан. Қўл узатиб, ялаб кўрса, жуда ширин экан. Ўша куни одамларга бу шарбатларни йиғиб олиб, наврўзий кунлар бир-бирига тарқатишни буюрибди ва бу шакар қамишни сунъий усулда ўстиришни жорий қилибди. Наврўз кунлари кишиларнинг бир-бирларига турли ширинликлар пишириб тарқатиши, қанд-қурслар инъом этиши ўшандан қолган экан.

Ҳар бир элда ўзгача

Ҳар бир халқнинг Наврўз билан боғлиқ ўзига хос урф-одат ва анъаналари мавжуд. Масалан, қорақалпоқлар Наврўз (Наўрыз) байрамини баҳорги тенгкунлик, тўкин-сочинлик, бахту-саодат эзгу орзу-умидлар рамзи сифатида ардоқлаб келадилар. От чоптириш, кўпкари, кураш, қўчқор уриштириш сингари сингари халқ ўйинлари ҳар йилги наврўз тантаналарига айрича жўшқинлик бахш этади. Қорақалпоқларнинг севимли байрам таомлридан яна бири наврўз гўжаси деб аталади. Бу таом етти хил дондан тайёрланади. Ҳар бир хонадонда ана шундай таом пиширилади ва қўни-қўшниларга, овулдошларга тарқатилади.

Қозоқларда ҳам Наврўз (Наурыз) билан боғлиқ ана шундай анъаналар, урф-одатлар кўп. Қадимда қозоқларда Наврўз тантаналари 3-9 кунлаб давом этган. Бўй етган қизлар бу куни йигитларга атаб, “уйқи ошар” деган лаззатли таом пиширадилар. Турли туман халқ ўйинлари, спорт мусобақалари ташкил этилади. "Олти бақан","қиз қуу" мусобақалари айниқса, каттаю кичикда бирдек қизиқиш уйғотади.

Наврўз (Nowruz) туркман халқининг ҳам энг қадимий, гўзал ва бетакрор байрамларимиздан биридир. Момолар тайёрлаган семени – сумалак, доғрама, пишме, палов сингари лаззатли миллий таомлар байрам дастурхонини безайди. Туркман элининг тўю байрамларини от чопқи - улоқ-кўпкари мусобақаларисиз тасаввур этиб бўлмайди.

Наврўзга бир ой қолганда озарбойжонлар ҳафтанинг ҳар чоршанба куни гулхан ёқиб, униг атрофида ўйин-кулги қилишади. Айниқса, йилнинг сўнгги чоршанбаси куни ёшу қари олов устидан ҳатлаб ўтади. Ҳатто, уй ҳайвонларини ҳам ёниб турган олов устидан олиб ўтишади. Байрам кунлари халқ қизиқчилари — «кал» ва «кўса»лар елкаларига хуржун осиб, анъанавий миллий кийимларда овул ва маҳаллаларда, қишлоқ ва гузарларда ичакузди ҳангомалар айтиб беришади. Кичкинтойлар ҳовлима-ҳовли юриб, девор оша бош кийим — папоқларини ирғитадилар. Уй эгаси эса, болаларнинг папоғини ширинлик, қанд-қурсга тўлдириб қайтаради.

Форсийзабон халқлар ҳам минг йиллардан бери бу байрамни катта шодиёналапр билан нишонлаб келишади. Бу халқларда Наврўз билан боғлиқ турли-туман маросимлар урф-одатлар ҳозиргача сақлаб қолинган. Масалан, афғонлар “ҳафт син» яъни син (с) ҳарфи билан бошланувчи етти хил таом тайёрлаб дастурхонга тортадилар.

Шоирлар созида — Наврўз

Ўзбек халқ оғзаки ижодида, мумтоз адабиётимизда Наврўзи олам васфига бағишланган кўплаб шеъру ғазалларни учратамиз. Жумладан, Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Хожиб, Лутфий, Отойи сингари шоирларимиз ҳам бу байрамни ўзига хос тарзда васф этадилар. Атоқли ўзбек шоири Ҳайдар Хоразмий “Гул ва Наврўз” номли лирик достон ҳам ёзган. Унинг бошқа қаҳрамонларидан бири шу байрамда туғилгани боис, унга Наврўз деб исм қўядилар.

Буюк мутафаккир Алишер Навоий „Тарихи мулки ажам“ („Ажам шоҳлари тарихи“) асарида Жамшиднинг буюк кашфиётлари сўнгида улуғ Наврўз ихтиро қилинганлигини баён қилади. Навоий ёзишича: "Жамшид „Чиҳил минор“ номли одамзод кўрмаган ва ақл бовар қилмайдиган баланд бино қуриб… „ бу иморат туганди, олам саломин ва ашров ва аҳбарин йиғиб, анда азим жашн қилди. Ул вақтким, қуёш нуқта эътиқодли рабийға тақвил қилиб эрди ул бинода тахт устига ўлтириб, адолат сайт ва садосин оламға мунташир қилди ва ул кунининг отин наврўз қўйди“.

Шунингдек, шеърият мулкининг султони Мир Алишер Навоий ҳазратлари ўз ижодларида “Ҳар тунунг қадр ўлубон, ҳар кунунг ўлсун Наврўз”, дея лутф қилганлар. Яна бир ғазалда Ҳазрат Навоий наврўз кунда аёлларимиз янада гўзаллашиб, ҳусн-латофатга тўлишини тараннум этганлар:

Мувофиқ кийдилар, бўлмиш, магар наврўз ила байрам,

Чаман сарви яшил хилқат, менинг сарви равоним ҳам...

Шунингдек, Бобур, Нодира, Огаҳий, Фурқат сингари шоиларимиз ҳам бу гўзал ва бетакрор байрамни шеърга солганлар. Қардош халқлар адабиётида ҳам Наврўзга оид мумтоз сатрларни учратамиз. Наврўзнинг жаҳоний эътирофи

Наврўзни Ер юзидаги 400 миллион ортиқ аҳоли, юзлаб миллат ва элатлар кенг байрам қилинади. Наврўз чегара билмайди, миллат танламайди, шарт-шароитларга қарамайди, турли тақиқ ва тазйиққларни тан олмайди.

Наврўзни жаннатмонанд юртимизнинг барча шаҳар ва қишлоқлари қаторида, Сибирнинг аёз ҳамон забтида ушлаб турган тайгаларида ҳам, Помирнинг сомонўпар чўққилари этагида ҳам, Каспийнинг мовий тўлқинлар муттасил ювиб турадиган сермавж соҳилларида ҳам, Қорақумнинг қум барханлари орасидаги олис овулларида ҳам бирдек қувонч ва шодиёна билан нишонланади.

Наврўз номи турли тилларда турлича жаранглайди. Масалан: ўзбек ва тожик тилларида Наврўз озарбойжончада Novruz, форсчада Now ruz, пуштунчада Naw wraz, курдчада Newroz, туркман тилида Nowruz, қозоқларда Наурыз, уйғурларда Норуз, қирғизларда Нооруз, татарчада Нәүрүз, туркларда Nevruz, қримтатар тилида Наврез, бошқирд тилида Нәүрүз, чуваш тилида Нарăс деб аталади.

Бугун Наврўз нафақат муайян халқлар ва элатларнинг балки дунёнинг маданий мероси сифатида шуҳрат қозонмоқда. Наврўз байрамининг моҳияти, инсоният тарихида тутган ўрни, аҳамиятини жаҳон ҳамжамияти ҳам англаб етди. 2009 йилнинг 30 сентябрида Наврўз байрами ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди. 2010 йилнинг 19 феврал куни БМТ Бош Ассамблеясининг 64-сессиясида 21 март – Халқаро Наврўз куни деб эълон қилинган.

Ҳар йили БМТнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида, шунингдек унинг турли мамлакатлардаги ваколатхоналарида ҳам бу байрам кенг миқёсда ўтказилади.

Тинчлик ва осойишталик илинжида...

Табиат ва инсон ана шу гўзал кунни интиқлик билан кутаётган айни дамларда ҳам айрим нуқталарида турли низолар юзлаб бегуноҳ инсонларнинг умрига зомин бўлмоқда. Минглаб оилалар ҳар бир кунни қўрқув ва хавотир ила қарши олмоқда, ҳар бир тунни таҳлика ва ҳадик ичида ўтказишмоқда.

Маълумки, ҳамон сайёрамиздаги энг оловли нуқталардан бўлиб турган Ироқ ва Сурияда ҳам бир пайтлар Наврўз байрами кенг нишонланган. Айниқса, бу ҳудудда истиқомат қиладиган туркман, турк, форс, курд миллатига мансуб аҳоли ҳар йили Наврўзни ўз миллий анъаналарига хос тарзда нишонланганлар.

Қўшни Афғон замини ҳам Шарқ маданиятининг қадимий бешикларидан саналади. Бу ўлкада Наврўзни соғиниб кутишади, катта қувонч ила байрам қилишади. Гарчи, бугун ушбу мамлакатларда нотинчлик давом этаётган бўлса-да, одамлар Наврўзни унутишгани йўқ. Ҳар йили одамлар қандай шароатда бўлмасин, ота-боболардан мерос бўлиб келаётган бу байрамни нишонлашга ҳаракат қилишади.

Минг афсуски, улар Наврўзни ўқ ёмғири остида, қочоқлар лагерларида, ўта нобоп шароитларда нишонлашга мажбур бўлишмоқда. Наврўз бу гал ҳам бутун оламга ўз кўрку тароватини ёяркан, жоҳил, бағритош кимсаларни хунрезликдан тўхтатишга, марҳаматли, бағрикенг, шафқатли бўлишга ундагандек бўлади.

Ҳар қалай, нотинч шароитда кўнгилда байрам шукуҳи жой олиши қийин. Байрамлар ҳам тинч юртга кўпроқ ярашади. Фақат ҳар биримиз бу байрамни хоҳ боғ ва хиёбонларда, хоҳ ноз-неъматга тўла дастурхон бошида кутиб олайлик, юртимиздаги тинчлик, осойишталик, фаровонлик учун ҳар қанча шукр қилсак арзийди.

Озод ва обод, тинч ва осойишта Ватанимиз яна бир Наврўзни қувонч, сурур, тантана ила қарши олаётир. Барчангизга бу гўзал байрам муборак бўлсин, азизлар!

Рустам Жабборов

Шарҳлар

Бу йилги Қурбон ҳайитида қўшимча дам олиш кунлари бўладими?

03.08.2019, 22:17

Президент қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда Қурбон ҳайити байрами 11 август куни кенг нишонланиши ҳақида хабар бергандик. Маълумки, аввалги Ҳайит байрамлари муносабати билан қўшимча дам олиш кунлари...
​ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАРГА ТАБРИК ЙЎЛЛАДИ

30.09.2017, 09:23

Президент Шавкат Мирзиёев 1 октябрь куни Ўзбекистонда кенг нишонланадиган Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан устозларга ўз табригини йўллади. Табрик матни ЎзАда эълон қилинди. Қадрли...
​Ўзбекистон мустақиллигининг 26 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида Президент қарори имзоланди

28.06.2017, 10:36

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида Президент қарори имзоланди. Президент Қарори билан Ватанимиз тарихида мутлақо янги саҳифа...
​Сурхондарёда "Бойсун баҳори" фольклор фестивали бошланди

15.05.2017, 10:53

Бойсун туманида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган “Бойсун баҳори” фольклор фестивали бўлиб ўтмоқда, деб хабар беради ЎзА.Фестивалнинг...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1