Баҳорда осмонни тўлдириб шабадада солланиб учаётган варракларни кўриб завқланмайдиган одам бўлмаса керак. Санъаткорлар билан уюштирилган сайилимизда ҳам кўпгина варрак ишқибозларига кўзимиз тушди. Варрак ясаётган “Сурхон”, “Афруз”, “Беном” гуруҳлари, Тоҳир Усмонов, Жаҳонгир Позилжонов, Ботир Яминовларнинг варрак ясаш ва уни баландроқ учириш сирларини билишларини синаб кўриш мақсадида ижодкорлар ўртасида мусобақа уюштирдик.
Йигитлар икки гуруҳга бўлиниб ишга киришишди. “Сурхон”, “Беном” гуруҳлари биринчи жамоани, “ “Афрўз”, Тоҳир Усмонов, Жаҳонгир Позилжонов, Ботир Яминовлар иккинчи жамоани ташкил этишди.
Одил, “Сурхон” гуруҳи вакили: — Варракни қўлга олганим заҳоти, қишлоқда ўтган болалигим ёдимга тушади. Сурхон воҳасининг қирларини тўлдириб бир гуруҳ бўлиб варрак учирар эдик.
Ботир Яминов: — Ўқувчилик пайтимизда баҳор келиши билан синф раҳбаримиз ҳаммамизни йиғиб мактабимиз майдонига олиб чиқар ва варрак ясаттирар эдилар. Синфдошларим билан биргаликда ясаган варракларни ким ўзарга учирардик.
Жаҳонгир Позилжонов: — Ҳозирги болаларга осон, тайёр варракларни сотиб олиб, учиришади. Аммо варракни ўз қўлингиз билан ясашнинг завқи бошқача бўлади. Ҳозир кенг далада баҳор шамолида варрак учиргим келиб кетди.
Тоҳир Усмонов: — Тўғри айтасиз, Жаҳонгир ака, қўлимга варрак тутганим заҳоти шаҳар ташқарисига чиқиб табиат қўйнида мазза қилиб югургим келди. Варракнинг сеҳри бор шекилли. Лекин шаҳар шароитида ҳам вазиятдан чиқиш мумкин. Асосийси дарахт ва электор симларидан эҳтиёт бўлиш керак.
Хонандалар ижод ва ишдан ортиб, биргаликда миллий ўйинларни ўйнишга камдан кам вақт ажратишлари сезилиб турди. Жаҳонгир Позилжонов жамоаси варрак ясалиш жараёнида бироз қийналган бўлса, “Беном” гуруҳи йигитлари уни шамолга қарши учириб анча қийналишди. Аммо хонандалар ичида варрак учиришнинг сирини яхши биладиганлар ҳам топилди.
ВАРРАК БАЛАНДРОҚ УЧИШИНИ ТАЪМИНЛАЙДИГАН 3 ҚОИДА
1. Варракнинг “думи” қанча узун бўлса, унинг баландроқ учишига шунча ёрдам беради.
2. Шамолнинг йўналишига қараб учириш жуда муҳим. Ана шунда ўзинингиз ҳам варрагингиз шамол билан биргаликда уйғунлашиб ўз-ўзидан баландликка чиқаверади.
3. Варрак баландалаши учун ипни тўғри силтаб туриш ҳам муҳим, шунда варрагингиз шох ташлаб, узоқ ва баланд учади.
Алия Сулайманова тайёрлади