АсосийJamiyat

Баҳор ҳаётим саҳифаларида...

'Баҳор ҳаётим саҳифаларида...'ning rasmi

Юртимизга ташриф буюрган яшариш ва гўзаллик фасли билан боғлиқ кечинмалар ҳар биримизнинг кўнглимизда бор. Шу сабаб “айнан баҳор сизнинг ҳаётингизда қандай ўрин тутади, у билан боғлиқ қандай қувончли хотирларингиз бўлса, биз билан бўлишинг”, дея санъаткорларга мурожаат қилдик. Уларнинг жавоблари эса қуйидагича...

БАРИНИ ЯНГИТДАН БОШЛАШ ИМКОНИ
Улуғбек Раҳматуллаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист.

— Баҳор мен учун гўё бир қутқарув. Ҳаёт ва ижодда ўзига яраша қийинчиликлар бўлади. Баҳор мана шу дилхираликларни унутиб, барини янгитдан бошлаш учун бир имкондай туюлади. Бу фаслнинг ёқимлилиги шундаки, энг кўп ижод қиладиган фаслим. «Капалак», «Лайлойимсан», «Она», «Қирмизи олма» каби кўплаб «хит» қўшиқларимни ҳам клипи билан айнан янгилишаниш мавусумида тақдим этганман ва натижаси кўнгилдагидек бўлган. Баҳор билан боғлиқ хотираларим бисёр. Энг ҳаяжонлиси висол оқшомим ҳам айнан баҳорда бўлган! Тўнғич фарзандим Файзуллоҳ ҳам баҳорнинг биринчи кунида туғилган.




ТЎЛАҚОНЛИ БАҲОРНИ ҲИС ЭТИШ БАХТИ
Нилуфар Усмонова, хонанда.

— Баҳорни ўзгача интиқлик билан қарши оламан. Биринчи сабаби яшариш фасли – 6 апрелда туғилганман. Бу йилги баҳорнинг ўрни ҳаётимда алоҳида из қолдирши аниқ! Боиси Худо хоҳласа, янгилани фаслида тўртинчи бор оналик бахтига эришаман. Ушбу баҳор 11 йилдан буён жавоби топилмаётган саволимга ечим топди. Гап шундаки, ҳар баҳор нимадир етишмаётгандек бўларди, бироқ нима? Энди тушундим, баҳорни онам – Юлдуз Усмонованинг янги ижод намуналаридан сармаст бўлиб қарши олиш бахти етишмаётган экан. Насиб бўлса, бу йил тўлақонли баҳорни ҳис қиламан! Ташқарида қандай фасл бўлишидан қатъий назар, қалбларда ҳамиша баҳор бўлишини тилаб қоламан.


БАҲОРДАГИ СЕВГИ «КУРТАГИ»
ДИЛСЎЗ, хонанда.

— Баҳор фасли ҳаётимда алоҳида ўрин эгаллайди. Асосий сабаблардан бири 8 майда туғилганман. Қолаверса, турмуш ўртоғим Фаррух Раимов ҳам 18 майда дунёга келган. Бу қувончли кунларни битта катта байрам сифатида нишонлашга одатланганмиз. Ҳаётга “пуштиранг кўзойнак”да қарашим ҳам айнан севгимиз баҳорда «куртак» ёзгани билан боғлиқ. Дарахтлар гуллаб, табиат ўзгача кўриниш касб этганида ўша ширин хотиралар «китоби»ни қайта ўқишдан фақат ва фақат завқланамиз. Бахтли тасодифлардан яна бири тўйимиз ҳам айнан баҳорда – 15 ва 21-апрелда бўлган.


ЯНГИЛАНИШ ФАСЛИДАГИ ҚАТЪИЙ ҚАРОР
Сардор Раҳимхон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист.

— Энг севимли фаслларимдан бири – баҳор! Яшариш, кишига умид, дилга қувонч бағишлайдиган, ижодкорларни илҳом «пари»лари қуршаб оладиган фасл бўлгани учун ҳам яхши кўраман. Ҳаётимдаги энг унутилмас лаҳзалар ҳам айнан баҳор билан боғлиқ. Аниқроғи, рафиқам Зиёдани март ойида учратганимда, оила борасида аниқ тўхтамга келганман. Онажоним ва рафиқамнинг ҳам таваллуд кунлари айнан шу фаслда.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади

Бошқа янгиликлар