Ўзбекистон Республикаси ИИВ Йўл ҳавфсизлиги хизмати Бош бошқармаси ЙТҲ содир этиб, воқеа жойида яширинган ҳолатлар хусусида ахборот берди. Мазкур ҳалокатларда оқибати ўлим билан тугаган ҳодисалар ҳам мавжуд. Эҳтимол ҳайдовчи воқеа жойидан яширинмаганида мана шундай аянчли ҳол кузатилмасмиди...
2017 йил 11 март куни соат 14-00 ларда тушган хабарга кўра, шу куни соат 12-00 ларда Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани ҳудудида номаълум ҳайдовчи, «НEКСИА» русумли автомобилини бошқараётиб, пиёда Қашқадарё вилояти, Яккабоғ туманида яшовчи Я.Ф.ни уриб юбориб йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган жойдан яширинган. Оқибатда пиёда тан жароҳати олиб касалхонага ётқизилган.
Олиб борилган қидирув ва суриштирув ишлари натижасида ушбу йўл-транспорт ҳодисасини ҳайдовчи Бухоро вилояти, Ғиждувон шаҳрида яшовчи Р.К. шахсий «НEКСИА» русумли автомобилини бошқараётиб содир этганлиги аниқланиб, 12 март куни ушланган.
Бундан ташқари 9 март куни соат 18-30 ларда, Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани ҳудудида, номаълум ҳайдовчи, номаълум транспорт воситасини бошқараётиб, пиёда Тошкент шаҳар, Учтепа туманида яшовчи Қ.Ж.ни уриб юбориб йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган жойдан яширинган.
Пиёдага касалхонада тиббий ёрдам кўрсатилган.
Олиб борилган қидирув ва суриштирув ишлари натижасида ушбу йўл-транспорт ҳодисасини ҳайдовчи Тошкент шаҳар, Шайхонтохур туманида яшовчи И.А. шахсий «ЛАСEТТИ» русумли автомобилини бошқараётиб содир этганлиги аниқланиб, 12 март куни ушланган.
12 март куни соат 19-30 ларда, Қашқадарё вилояти, Ғузор тумани ҳудудида, номаълум ҳайдовчи, номаълум транспорт воситасини бошқараётиб, йўлни кесиб ўтаётган велосипедчи, шу туманда яшаган Ғ.Б.ни уриб юбориб йўл-транспорт ҳодисаси жойидан яширинган.
Оқибатда велосипедчи Ғ.Б. тан жароҳати олиб касалхонада вафот этган. Олиб борилган қидирув ва суриштирув ишлари натижасида ушбу йўл-транспорт ҳодисасини, ҳайдовчи Ғузор туманида яшовчи А.Ж. шахсий «ВАЗ-2107» русумли автомобилини бошқараётиб содир этганлиги аниқланиб, шу куни ушланган.
Юқорида келтирилган ҳолатлар юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.