Тошкентнинг Олмазор туманида «Well med pharm» фармацевтика корхонаси ишга туширилди.
Янги корхонанинг очилиш маросимида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, «Ўзфармсаноат» акциядорлик концерни, давлат, жамоат ташкилотлари вакиллари, ишбилармонлар қатнашди.
«Well med pharm» фармацевтика корхонаси Ҳиндистоннинг «Shayana farm» фармацевтика компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Бунинг учун 4,5 миллион доллар миқдорида инвестиция жалб этилди, дея хабар беради ЎзА.
Замонавий андозалар асосида барпо этилган корхонада юқори технологик ишлаб чиқариш линияси ўрнатилган. Технологик жараёнлар ва логистика тизими бир-бири билан узвий боғлиқлиги меҳнат унумдорлиги юқори бўлишига хизмат қилади. Илм-фаннинг сўнгги ютуқлари асосида жиҳозланган физик ва кимёвий таҳлил лабораторияси сифат ва хавфсизлик омилидир.
Янги корхонада йилига ўн миллион қадоқда гепатопротектор, оғриқ қолдирувчи, иммунитетни кучайтирувчи ва бошқа таблетка, капсула, малҳам ва шарбат шаклидаги дори воситалари ишлаб чиқарилади. Бунинг натижасида четдан келтирилаётган йигирма беш номдан зиёд дори воситасини тайёрлаш маҳаллийлаштирилади. Етмишдан ортиқ йигит-қиз иш билан таъминланади.