АсосийJamiyat

​Президент Шавкат Мирзиёев Юнусободдаги Увайсий номидаги маҳалла шароитлари билан танишди

'​Президент Шавкат Мирзиёев Юнусободдаги Увайсий номидаги маҳалла шароитлари билан танишди'ning rasmi

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Юнусобод туманидаги Увайсий номидаги маҳаллада бўлиб, бу ерда фуқаролар йиғини ходимлари, профилактика инспектори ва аҳоли учун яратилган қулай шароитлар билан танишди.

Президент профилактика инспектори маҳалладаги ҳар бир хонадон билан яқин мулоқот ўрнатиши, кўчалар ва жамоат жойларини қатъий назоратга олиши зарурлигини таъкидлади, дея хабар беради ЎзА.

Профилактика инспекторларини хизмат уйлари, имтиёзли кредитлар ҳисобига машиналар билан таъминлаш, уларнинг яшаши ва самарали ишлаши учун барча шарт-шароитларни яратиш бўйича зарур кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Марказда барпо этилган турли китоблар, компьютерлар ва интернет, минглаб электрон адабиётлар базасига эга кутубхона аҳолининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг ёйишда айни муддао бўлмоқда. Кўркам чойхона, новвойхона, "Гўзаллик салонлари", дўконлар, спорт ва болалар майдончалари одамларнинг зарур эҳтиёжларини қондириш билан бирга, ҳудуддаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Маҳалла аҳли бир оила каби ишончли, мустаҳкам ришталар билан ўзаро узвий боғланиши керак, деди Президентимиз. Бунинг учун маҳалла фаоллари, профилактика инспектори ҳар бир оила аҳволидан, қувончу ташвишидан доимо хабардор бўлиши, ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик тарғиботчисига айланиши лозим. Шундагина одамлар маҳаллага келиб ўз фикрини, таклифини, дардини бемалол айтади, муаммосига ечим топади.

Пойтахтимиз, қолаверса, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида мана шундай маҳалла марказлари бунёд этиш, аҳоли билан доимий мулоқот ўрнатиш, профилактика инспекторларига жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, фуқаролар осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, вояга етмаганлар билан самарали ишлаши учун зарур шароит ва имкониятлар яратиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Бошқа янгиликлар