Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони имзоланди. Фармоннинг тўлиқ матни ЎзАда эълон қилинди.
Унга кўра, 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва Қадрлаш куни ўтказилиши, шунингдек, 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 72 йиллиги нишонланиши муносабати билан ҳамда уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 2 000 000 (икки миллион) сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти белгиланди.
Мазкур Фармонни бажариш билан боғлиқ сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикаси бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати Молия вазирлиги ва Марказий банк билан биргаликда 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига ушбу пул мукофоти тантанали ва байрамона вазиятда топширилади.
Фармон ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юкланди.