8 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятида амалга оширилаётган муҳим ижтимоий, маданий ва иқтисодий йўналишдаги лойиҳалар билан танишди.
Муҳокама жараёнида Шавкат Мирзиёев Наврўз байрамининг халқимиз ҳаётидаги беқиёс ўрни ва аҳамиятини инобатга олиб, Тошкент шаҳрида “Наврўз” маданият ва истироҳат боғини барпо этиш ташаббусини ўртага ташлади.
“Дунёда ўхшаши бўлмаган “Наврўз” боғини очиқ осмон остидаги музей шаклида ташкил этиш ҳар томонлама мақсадга мувофиқдир”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Бундай боғни бунёд этишда халқимизнинг қадимий боғдорчилик анъаналари, жумладан Соҳибқирон Амир Темур ва Темурийлар даврида барпо этилган боғлар, шу билан бирга бу борадаги дунё тажрибаси хусусан этнопарклар яратиш усулидан самарали фойдаланиш зарур дейди Президент.
Шу муносабат билан мамлакат раҳбари тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига, тарихчи олимлар, адиб ва шоирлар, маданият ва санъат соҳаси вакилларига Наврўз айёмининг илмий асосларини чуқур ўрганган ҳолда “Наврўз” маданият ва истироҳат боғининг умумий концепциясини ишлаб чиқиш ва тақдим этиш бўйтча топшириқ берди.