DJ Piligrim тахаллуси остида ижод қилувчи хонанда Илҳом Йўлчиев онасига шу йил уйланишга ваъда бергани ва эндиликда ваъдасининг устидан чиқиш тараддудида эканлигини маълум қилди.
“Уйланаман! Онамга шу йил уйланаман, деб ваъда берганман. Агар айнан сен ўзингни менинг жуфтим, иккинчи ярмим ва биз бир оила бўлишимиз керак, деб ҳисобласанг, ўз анкетангни менинг почтамга жўнат! Нимага айнан сен эканлигинг сабабларини изоҳла ва суратлар жўнатишни унутма!”, деб ёзди DJ Piligrim ва хабарга ўз электрон почта манзилини илова қилди.
Хонанданинг шахсий саҳифасини кузатиб борувчилар мазкур эълонга турлича муносабат билдирмоқда. Айримлар биз ахборот асрида яшаётганимизни инобатга олган ҳолда интернет орқали ўзига жуфт топиш замон талаби эканлигини ёзаётган бўлса, яна бир гуруҳ интернет фойдаланувчилари эркаклар “пастлашиб” кетаётгани, аёлларнинг кўнглини олиш учун меҳнат қилиш, жон куйдиришни эсдан чиқариб қўяётганини ёзиб қолдирган.
Маълумот учун, DJ Piligrim бундан бир неча йиллар аввал “Сетора” гуруҳининг яккахони Комила Хўжаева билан оила қурган эди. Бироқ бу оила узоққа чўзилмади. Илҳом ва Комиланинг Исом исмли фарзандлари бор.