Тошкент шаҳридаги “Кўргазма савдо маркази” мажмуасида банк хизматлари, ускуналари ва технологиялари Х (ўнинчи) йиллик BANKEXPO-2017 миллий кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
Ушбу тадбир Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-4947-сонли фрамони билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури”га асосан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ташаббуси билан бир қатор идора ва ташкилотлар, тижорат банклари билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.
Кўргазмада мамлакатимизнинг барча тижорат банклари, кредит ташкилотлари, етакчи суғурта, лизинг, ахборот технологиялари компаниялари ўз маҳсулот ва хизматлари билан иштирок этмоқда.
Мазкур кўргазмада “Халқни тадбиркор қилиш” шиори остида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари, ўз бизнесини бошлаш истагида бўлган битирувчилар учун зарур маълумот ва тавсиялар ҳам берилмоқда. Мамлакатимизнинг йирик молия муассасалари, тижорат банклари мутасаддилари, нуфузли олий ўқув юртлари ўқитувчилари тадбирколик фаолиятини йўлга қўйиш, бизнесни ривожлантириш, соҳадаги имтиёз ва преференциялар юзасидан давра суҳбатлари, семинар ва тақдимотлар ўтказилмоқда.
Шунингдек, тадбир доирасида жойларда бандликни таъминлаш бўйича ташкил этилган лойиҳаларда муваффаққиятли иштирок этган фермер ва тадбиркорларга имтиёзли кредитлар ажратиш ҳуқуқини берувчи 500 дан ортиқ сертификатлар топширилди.