“Даракчи” газетасининг “10 қалтис савол” лойиҳасининг навбатдаги меҳмони “Comedy.uz” резиденти Олим Ўрозов.
1. — “Comedy.uz” нега тарқоқ ҳолда ишлаяпти, нимани бўлиша олмадинглар?
— Биз резидентлар тажрибамиздан келиб чиқиб, алоҳида ишлай олиш қобилиятимизни кўрсатишга ҳаракат қиляпмиз. Миршакар, Аброр Бахтиярович, “Ҳасан Ва Ҳусан” ҳамда мен алоҳида концерт бердик. Йил якунида биргаликда концерт тақдим этишни ҳам режалаштирганмиз.
2. — “Ҳасан Ва Ҳусан” триоси, Миршакар, “Гап йўқ”, “Нобель” жамоаси. Қай бири кучли?
— Якка нутқ тарафлама Миршакарга етадигани йўқ. Қисқа воқеали ҳажвиялар йўналишида “Ҳасан Ва Ҳусан” устун. Мусиқали ҳажвия бўйича менинг олдимга тушадигани топилмайди. “Гап йўқ” ҳозирги кунда “Миллион” билан ҳам ишлаяпти. Кинодаги машҳур иборалардан фойдаланиб, гапирмасдан кулдириш борасида уларга гап йўқ. “Нобель” эса ҳар тарафлама кучли!
3. — Нега хонанда бўлмагансиз ё тайёр қўшиқни ўзгартириб куйлаш осонроқми?
— (Кулади) Ҳозир шоу-бизнесда хонандага талаб йўқ. Ҳажвий йўналишдаги ижодим эса доим талабгир. Ҳеч қандай реклама, афишасиз “Истиқлол” санъат саройида бир кун концерт бердим, зал тўлди.
|4. — Яримта-юрумта “қўшиқ”ларингизнинг “умр”и қисқа-ку! Кетказган вақтингизга ачинмайсизми? Муаллифлик қўшиғи яратган яхшироқми, дейман-да...
— Ҳақсиз! Концертимда “Она”, “Ватан”, “Муҳаббат” ҳақида муаллифлик қўшиқ куйладим, орада бунга ҳам энди-энди вақт ажратяпман. Аслида Ўзбекистон Давлат консерваториясининг бакалавр босқичида Мусиқашунос, магистратурада Мусиқашунос журналист йўналишида таҳсил олганман. Бир йилдан буён Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтида Мусиқий, назарий фанлар кафедрасида ўқитувчиман. Қолаверса, илмий иш ёзишни ҳам бошладим.
5. — Гитара, доира, рубобдан ташқари яна қайси мусиқа асбобларини чалишни биласиз?
— Мусиқа мактабида қашқар рубоби, доира, Ўзбекистон Давлат консерваториясида эса фортепиано мутахассислигида ўқиганим боис уларни профессионал даражада чала оламан. Қолаверса, уд, ғижжак, найдан бошқа ҳамма мусиқа асбобларини чалишни биламан. Гитарани эса ҳажвий йўналиш талабларига жавоб берадиган даражада биламан.
6. — Аввал қўшиқ танлайсизми ё мавзу?
— Мавзу! Бугунги кундаги долзарб масалалар: баъзи қизларнинг кийиниши, интернет, ёшлар тарбияси, ажралишларни ҳажвий қўшиқ тарзида олиб чиққанман. Баъзи қўшиқларнинг сўзларида ҳам мавзунинг ўзи “қуйилиб” келади. Пародияни ўзим ёзаман, кейин “Ҳасан Ва Ҳусан”, Аброр Бахтиярович билан муҳокама қилиб, таҳрирлаймиз.
7. — Битта қўшиққа қайта-қайта мурожаат қиласиз. Камолиддин Раҳимовнинг “Наргиз”, Шоҳруххоннинг “Мода” каби қўшиқлари сўзим исботи бўла олади. Бу усул бошқа қўшиқларни битталаб эшитиб, мавзуга мослашдан осонроқда-а?
— (Кулади) Албатта, осон! Масалан, “Наргиз” севимли қўшиғим бўлгани учун қайта-қайта мурожаат қилганман. Марҳум Камолиддин ака “Нарушения” қилиб юрибсан, агар пародиянг менинг қўшиғимдан ҳам оммалашмаганида жазолардим”, деб елкамга қоқиб, мақтаб қўйгандилар.
8. — Камчиликларини кўрсатиб, куйлаган қўшиқларингиз учун “плагиат”чи хонандалар, қайноналар ва айниқса футболчилардан ҳеч эътироз эшитганмисиз?
— Футболчилар мен билан дўстлашиб олишган. Ҳатто “фалон куни ўйинни кўринг!” деб тайинлашади (кулади). Ярим ҳимоячи Жасур Ҳасанов танқидларни тўғри қабул қилиб, саҳнага ҳам чиқиб берганди. Ижодим аввалида жуда кўпчилик хонандалар, хусусан Сардор Раҳимхон, Улуғбек Раҳматуллаевдан эътироз эшитгандим.
“Омадим келди шоу-бизнес томондан,
Барча “хит” қўшиқларим Озарбойжондан”, деган пародиямни эшитиб қолган экан (кулади). Кейинчалик ҳар иккала хонанда билан ҳам қадрдон бўлиб кетдик. Ҳозирда хонандаларнинг ўзлари “Бизнинг ҳам қўшиғимизни “бузиб” куйланг”, дейишади, жавобан “аввал хит қўшиқ куйланг”, деб қўяман (кулади).
9. — Нега чиқишингиз жуда қисқа ё мавзу тополмайсизми?
— Асалнинг ҳам ози ширин!
10. Махсус савол! “Ҳасан Ва Ҳусан” триоси:
— “Миллион”, “Дизайн”, “Comedy.uz”, “Ҳандалак” жамоалари, Аваз Охун. Кетма-кетликда жойлаштириб, нима учун яхшироқ эканини асослаб беринг!
— “Миллион” ва “Дизайн” ҳомийлари, ижоди, ҳафталаб “Истиқлол” санъат саройида концерт бера олиши билан кучли.
“Comedy.uz” ҳам эфирда, ҳам концерт залда ойма-ой концерт тақдим этгани ва ҳозирда йўқолиб қолгани билан ҳам устун.
“Ҳандалак” жайдари, халқчил ҳазиллари билан таниқли,
Аваз Охун эса бетакрор сўз устаси Ҳожибой Тожибоевнинг йўқлигини билдирмай тургани учун юқори поғонада туради.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди.