13 апрель, пайшанба куни соат 07:50 да Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани “Боғистон” МФЙ ҳудудидан ўтувчи 4Р-10 “Чорвоқ сув омбори айланма йўли”нинг 47 кмда ер кўчкиси содир бўлган. Кўчки автомобиль йўлининг ўнг томонидан пастликка кўчган. Кўчкининг ўлчами: эни 10-15 метр; баландлиги (чуқурлиги) 1-1,5 метр; узунлиги 10-14 метрни ташкил этади, деб хабар беради ФВВ Матбуот хизмати.
Кўчки тушиши оқибатида йўлдан ўтаётган Дамас русумли автомобили пастга қулаган. Натижада автомобилда бўлган икки нафар фуқаро жабрланган.
Жабрланган фуқароларнинг бири Бўстонлиқ тумани Тиббиёт бирлашмасига олиб кетилаётганда вафот этган.
Жабрланган фуқаролар Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани “Боғистон” МФЙда истиқомат қилиши маълум бўлди.
Тошкент вилояти ФВБ, ИИБ, Бўстонлиқ тумани хокимияти ва “Ўзавтойўл” хизмати билан ҳамкорликда кўчки тушган автомобиль йўлини тозалаш ишлари олиб борилмоқда.