АсосийJamiyat

​Президент Фармони билан Ўзбекистонда яна бир вазирлик қайта ташкил қилинди

'​Президент Фармони билан Ўзбекистонда яна бир вазирлик қайта ташкил қилинди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ташқи савдо соҳасида бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонига асосан Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги этиб қайта ташкил қилинди. Фармоннинг тўлиқ матни ЎзАда эълон қилинди.

Мақсад ташқи савдо алоқаларининг самарадорлигини янада ошириш, ташқи савдони либераллаштириш, экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш ҳамда рақобатдош маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқариш тизимини такомиллаштириш, маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар билан хорижий шериклар ўртасида савдо соҳасида узоқ муддатли барқарор шериклик муносабатларини шакллантиришдан иборат.

Фармонга кўра, Ташқи савдо вазирлиги ваколатли давлат органи бўлиб, ташқи савдо соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш учун масъул ҳисобланади ҳамда ташқи савдо фаолиятини тартибга солиш соҳасида давлат бошқаруви органлари ишини мувофиқлаштиради.

Вазирлик ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган ва норматив-ҳуқуқий характерга эга бўлган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъий назар хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажарилиши мажбурий саналади.

Ташқи савдо вазирлигининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

ташқи савдо фаолияти соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

жаҳон бозорларининг комплекс маркетинг тадқиқотларини олиб бориш, Ўзбекистон Республикасининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш дастурларини амалга оширишда кўмаклашиш, ташқи бозорлардаги талаб-эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилаётган юқори қўшилган қийматли маҳсулотларнинг рақобатдошлигини кучайтириш ва ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури ва хилларини тизимли асосда таҳлил қилиш, ташқи бозорларда унинг рақобатдошлиги даражасини аниқлаш, тегишли маълумотлар базасини шакллантириш;

товарлар, ишлар ва хизматлар экспортини қўллаб-қувватлаш, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар билан савдо ҳамкорлигини кенгайтириш ва мустаҳкамлашга кўмаклашиш, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган товарлар, ишлар ва хизматларнинг ташқи бозорларга чиқиши учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш, сотиш бозорларини диверсификациялашга йўналтирилган тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

ишончли хорижий савдо шерикларини излаш ва танлашда хўжалик юритувчи субъектларга, шунингдек, маҳаллий корхоналарнинг тендер савдоларида, ҳалқаро савдо-саноат кўргазмалари, ярмаркаларида ва хорижий мамлакатларда ўтказиладиган бошқа шундай тадбирларда иштирок этишларига амалий ёрдам кўрсатиш;

импорт бўйича келтириладиган товарлар (ишлар, хизматлар)нинг ҳажми ва таркибини чуқур таҳлил қилиш, маҳаллий хомашё негизида импорт ўрнини босадиган тайёр маҳсулот, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқариш ҳамда уларни маҳаллийлаштириш масалалари юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини ошириш бўйича концепция ва дастурлар ишлаб чиқишда қатнашиш;

ташқи савдо асосий кўрсаткичлари параметрларини шакллантиришда ва Ўзбекистон Республикасининг божхона-тариф сиёсатини такомиллаштиришда иштирок этиш, ташқи савдони либераллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

товарлар (ишлар ва хизматлар), шу жумладан, ўзига хос товарлар ва саноат маҳсулотлари ташқи савдоси, шунингдек, ташқи савдода тариф ва нотариф бошқаруви чораларини қўллаш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш билан боғлиқ тадбирларни мувофиқлаштириш;

ташқи иқтисодий фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш чораларини амалга ошириш бўйича таклифлар киритиш;

Ўзбекистон Республикасининг ташқи савдо инфратузилмасини ривожлантириш, хусусан, транзит салоҳиятини, логистика ва транспорт йўлакларини ривожлантириш масалалари бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Фармони билан Маданият ва спорт ишлари вазирлиги алоҳида қўмита ва вазирликка ажратилганди.

Бошқа янгиликлар