Хонанда Лола Аҳмедова журналист Жасур Ҳамроев билан суҳбатда ўзининг ашаддий мухлислари, жумладан мухлисликни меъёрдан ошириб юборган айрим “фанат”лари ҳақида сўзлаб берди.
“Бундан бир неча йиллар аввал бир инсон сизга аталган хатларини таҳририятимизга йўллаб, агар чоп этмасак, судга бериш билан таҳдид қиларди” деб хотирлайди Жасур Ҳамроев Лола Аҳмедованинг ашаддий мухлисларидан бирини.
“Бу инсон билан рўбаро келдим. Суҳбатлашдим. Ўзимни кўрса, сен билан ишим йўқ, дейди. Лекин биз бунинг тагига етганимизда у кишининг руҳий носоғлом эканлигини аниқладик. Ёки бу иш кимгадир керакмикан? Буни вақт кўрсатади. Бу инсондан руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирганимиздан сўнггина қутулдик. У ҳақиқатан ҳам носоғлом, ноадекват инсон”,—дейди Лола Аҳмедова.
“Балки у инсон сизнинг мухлисингиздир?” деган саволга хонанда қуйидагича жавоб беради:
“У инсон менинг мухлисим бўлганида, тинчимни бузмасди. У туфайли анча овора бўлдим, асабларим бузилди. Прокуратура ходимларига мурожаат қилишга тўғри келди. У ачинишга лойиқ. Унинг онаси билан суҳбатлашишганида, ‘Ўғлим Лоланинг мухлиси, уни яхши кўради, мен ҳеч нарса қилолмайман’ деган экан. У инсон 42 ёшида бўлишига қарамай, оила қурмаганлиги унинг руҳий носоғлом эканлигини тасдиқлайди”.