АсосийJamiyat

​Бухорода 10 жуфт келин-куёвнинг никоҳ тўйи бир вақтда нишонланди

'​Бухорода 10 жуфт келин-куёвнинг никоҳ тўйи бир вақтда нишонланди'ning rasmi

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, жамиятимизда ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, деб ёзади ЎзА.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан бир қатор жамоат ташкилотлари иштирокида жорий йилнинг 20 апрелидан 26 майигача мамлакатимиздаги эҳтиёжманд оилалар ва Меҳрибонлик уйларида тарбияланган 620 жуфт келин-куёвнинг никоҳ ҳамда 3 минг 280 боланинг суннат тўйи ўтказилаётгани ҳам ҳар бир фуқаро давлатимиз ва ҳукуматимиз эътиборида эканининг амалдаги ифодасидир.

Ушбу хайрия тадбири ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларнинг кўнглини кўтариш, турмуш фаровонлигини оширишга муносиб ҳисса қўшишдек олижаноб мақсадга хизмат қилади.

21 апрель. Бухоро шаҳридаги “Паризод” тўйхонаси байрамона безатилган. Даврага бирин-кетин кириб келаётган келин-куёвлар карнай-сурнай садолари остида миллий анъаналаримизга мувофиқ кутиб олинди.

Йигит-қизларнинг ота-оналари, қариндошлари, маҳалла фаоллари, фахрийлар, жамоатчилик вакиллари ва ёшлар иштирок этган никоҳ тўйида ҳар бир туманнинг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилган тадбирлар дастури даврага ўзгача шукуҳ бағишлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ёшларнинг бахтиёр ва фаровон яшаши, ҳаётда муносиб ўрин топишига катта эътибор қаратилаётгани таъкидланиб, янги оила қураётган 10 жуфт келин-куёвга никоҳ узуклари, байрамона миллий либос ҳамда сарполар совға қилинди. Шодиёнада келин-куёвларга тантанали равишда никоҳ гувоҳномалари, замонавий ётоқхона мебеллари тўплами топширилди.

Албатта, оила қураётган ёшларнинг турмуш фаровонлиги уларнинг бандлик даражасига, барқарор иш ўрнига ҳам боғлиқ. Бинобарин, никоҳ тўйлари арафасида келин-куёвларнинг иш билан таъминланган ё таъминланмагани ўрганилиб, ишсизлари тегишли тартибда ишга жойлаштирилди. Тантанали маросимда уларга меҳнат дафтарчалари ҳам топширилди.

Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев сўзга чиқди.

Бошқа янгиликлар