Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бир қатор жамоат ташкилотлари иштирокида жорий йилнинг 20 апрелидан 26 майигача мамлакатимиз миқёсида ижтимоий ҳимояталаб оилалар ва Меҳрибонлик уйларидан бўлган 620 жуфт келин-куёвларнинг никоҳ ҳамда 3280 нафар боланинг суннат тўйлари ўтказилмоқда.
Ушбу мақсадларда Касаба уюшмалари Федерацияси мамлакат миқёсида энг чекка қишлоқ ва туманларда яшаётган ижтимоий ҳимояталаб оилалар, Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болаларнинг яшаш шароитлари, ҳол-аҳволларини ўрганиб чиқиб, аниқланган эҳтиёжлардан келиб чиққан ҳолда фарзандларининг суннат ва никоҳ тўйларини ўтказишда кўмакка муҳтож бўлган қатор оилалар, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари рўйхатини шакллантирди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизматининг хабар беришича, никоҳ тўйлари ўтказилаётган ҳар бир келин-куёвга замонавий ётоқхона мебеллари тўплами, тўй болаларнинг ҳар бирига эса китоблар жамланмаси ҳамда Халқ банки бўлимларида болажонлар номига очилган ҳисоб рақамларига 1 миллион сўмдан пул маблағлари ўтказилган жамғарма омонат дафтарчалари тантанали равишда топширилмоқда. Бундан ташқари янги оила қурган ёшларга никоҳ узуклари, келин-куёвлар ҳамда тўй болаларга байрамона миллий либослар ва сарполар ҳадя этилмоқда.
Хайрия тадбирларининг яна бир муҳим жиҳати шуки, янги оила қурган ёшларнинг турмуши фаровонлиги уларнинг бандлик даражасига боғлиқ эканлигидан келиб чиққан ҳолда никоҳ тўйлари арафасида келин-куёвларнинг иш билан таъминланганлик ҳолати атрофлича ўрганилиб, тегишли тартибда ёшларни ишга жойлаштириш тадбирлари кўрилди. Иш билан таъминланишга муҳтож бўлган келин-куёвларга никоҳ тўйларида меҳнат дафтарчаларининг топширилиши яна бир ажойиб совға бўлди.






