Коллеж ва лицейлардаги фан олимпиадасининг республика босқичида 1-, 2- ва 3-ўринларни олган ўқувчиларга қандай имтиёзлар бор?
Ислом Абдукаримов, Қашқадарё вилояти, Чироқчи тумани
Х.ЗИКРИЛЛАЕВ, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директорининг биринчи ўринбосари:
— Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги 226-сонли қарори билан тасдиқланган “Халқаро ва республика олимпиадалари, танловлари, мусобақалари ғолиблари бўлган академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқувчиларини тақдирлаш тартиби тўғрисида”ги низомга мувофиқ, Умумтаълим фанлари бўйича республика олимпиадаларида 1-3-ўринларни ва халқаро олимпиадаларда 1-5-ўринларни эгаллаган академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари олий таълим муассасасига тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонсиз давлат гранти асосида қабул қилинишлари бегиланган.
Шу билан бирга олимпиадалар ғолибларига: халкаро олимпиадаларда 1, 2, 3, 4, 5-ўринларни эгаллаганларга — талаба стипендиясининг тегишли равишда 10, 9, 8, 7, 6 баравари миқдорида, республика олимпиадаларида 1, 2, 3-ўринларни эгаллаганларга — талаба стипендиясининг тегишли равишда 3, 2, 1 баравари миқдорида пул мукофотлари белгиланади.