1

​Меҳри Бекчанова: "Отамдан бекор хафа бўлган эканман"

ШОУ-БИЗНЕС 25.04.2017, 17:19
Теглар: Актриса
​Меҳри Бекчанова:  "Отамдан бекор хафа бўлган эканман"

Галдаги қаҳрамонимиз ўзини театрга бағишлаган ва санъатдан икки карра бахт топган бахтли ижодкор, Ўзбекистон халқ артисти Меҳри БЕКЧАНОВА. Актриса ортга назар ташлаб, умр ва ҳаёт йўлини ёдга олди...

"Тўлақонли оилада яшаш бахтидан жудо қилган..."

— 1962 йил 1 январда Наманган вилояти Поп туманида ту­ғил­ганман. Раҳматли отам Ғуломжон Ҳожиматов оддий ишчи бўлган, инсультга чалинганидан сўнг ногиронлик нафақасига чиққан. Онам Азиза Отажонова колхозда ишлаган, ҳозирда нафақада. Оилада уч фарзандмиз, иккита укам бор. Табиатан ўғил боладек феълим бор, шаддодман. Тақдир тақозоси билан ота-онамнинг турмуши бўлмагач, онамнинг ота-онаси қўлида катта бўлганман. Бувам темирчи эди, ёнида шогирдидек туриб, ўғил бола қиладиган ишларни ҳам бажараверардим. Ҳатто мени “Меҳрилло, ўғлим”, деб чақирардилар (кулади). Болаларча фикрлаб, отам ва унинг қариндошларига нафрат кўзи билан қарардим. Онамнинг қийналганини кўрганим учунми ажрашишгани руҳиятимга қаттиқ таъсир қилган. Институт талабаси бўлган кезларим бувам “Ўғлим, аввало отангизни, бува-бувингизни кўриб келинг. Улар ҳам сизни соғинишади”, деб боришга мажбурлардилар. Бирга яшамаганимиз учун отам мени “Меҳрихон, қизим”, деб сизлаб гапирарди, бундан эса ғазаб отига минардим, ғашим келарди. Ота меҳри, тўлақонли оилада яшаш бахтидан жудо қилгани учун ҳам отамни ёмон кўрардим. Улғайгач, болаларча фикрлаб хато қилганимни тушунганман.

— 1969 йил Луначарский номли 1-ўрта мактабнинг биринчи синфига қадам қўй­ганман. Бу мактабда 4-синфгача ўқиганман. Боиси, бир нечта маҳалла учун янги мактаб қурилган. Ва маҳалламиздаги ёшларни Назарали Ниёзов номидаги 40-ўрта мактабга ўтказишган. Аълочи, энг фаол ўқувчилардан бири бўлганман. Мактабимиздаги “Ниҳол” номли санъат­ тўгарагига ҳам аъзо эдим. Ҳамма тадбир, танловларда доим биринчи ўрин менга насиб қилган, ҳатто республика босқичигача етиб борганман. Ёдимда, телевидение шу ансамблимиз ҳақида телеочерк тайёрлаганида учта қўшиғим билан иштирок этгандим. Директоримиз мени “Мактабимиз юлдузи” дерди (кулади). Мева ва пахта теримларига борганимизда, ошпазлик доим менинг чекимга тушарди. Катта дошқозонда овқат тайёрлардим.

Она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси, устозим Саломатхон Деҳқонованинг кийи­ниши, соч турмаги, юриш-туришидан то дарс ўтишигача ҳавас қилиб, “Катта бўлсам, албатта, ўқитувчи бўламан”, деб ният қилардим. Дарс бир нафасда ўтарди, назаримда тез тугаб қолгандек туюлаверарди. Устозим уй вазифаларни текшириш учун дафтарларни менга ишониб бериб юборарди, ўқитувчиликка ихлосим баланд эди-да. Кейинчалик санъат тарози палласини босиб, режаларим ўзгариб кетди.

Бир йили бизнинг “в” синфни иккита синфга бўладиган бўлишганида, дугонам Гулнора Қаҳҳорова “а” синфга ўтинг, ҳамма аълочилар бирга ўқиймиз”, деганида фикрини маъқуллагандим. Шунда “в” синфдаги синф раҳбарим чақириб, “нега “а” га ўтиб кетдинг, ўзимизга қайтгин”, деганида ер чизиб турганман. Шунда синфдошларим сингари устозим ҳам мендан ранжиб, “бор, чиқиб кетавер”, деганди. Ўшанда уларни хафа қилиб қўйгандим. Интизомли ўқувчи бўлсам-да, бир марта шумлик қил­ганман. Қайсидир йили қиш жуда совуқ келганида, синфдошим Гулнора билан шумлигимиз тутиб, биргаликда “Назарали Ниёзов номли 40-сонли музлаткич”, деб сарлавҳа қўйиб, эътирозлар “гулдаста”си билан тўлган деворий газета тайёрлаб, мактабнинг кираверишига илиб қўйганмиз. Директор суриштира-суриштира охири мақола муаллифлари биз эканимизни билган ва роса танбеҳ берганди. Лекин шумлигимиз ортидан мактабни иситиш тизимини таъмирлаб беришган (кулади).

Ўқувчилик давримда ўксинишимга сабаб бўладиган ҳолатлар жуда кўп бўларди. Мактабдаги ансамбль қизлари билан бир хилда оёқ кийим олмоқчи бўлганмиз. Отамнинг олдига бориб, 1 сўм 40 тийин сўраганимда, “Пул йўқ эди-да”, деган. Хўрлигим келиб, уйга бориб, бувамнинг кўксига бошимни қўйиб йиғлаганман (кўзига ёш олди). Синфдошларим 5 тийинлик “пирожки” ейишса, ҳавасим келиб, отамдан пул сўрасам, яна ўша гапни эшитардим. Отам­нинг уйи мактабимизнинг олдида эди-да. Шу каби ҳолатлар бўлганида юм-юм йиғлардим. Ҳозир мулоҳаза қилсам, ўша вақтда отамни ҳақиқатда пули бўлмаган. Чап оёқ-қўли ишламайдиган отам ногиронлик нафақасини кутиб ўтирарди. Болаларча ўйлаганман-да, ҳозир “бекор хафа бўлганман”, дея ўзимни койийман.

"Бахтиёр Ихтиёров курсига қабул қилишни истамаган"

— 7-синфда ўқиб юрган кезларим, мактабимизга Тошкентдан Ўзбекистон халқ артисти Фароғат Раҳматова келган. Район раҳбарларидан бири Фарида Иброҳимова “40-мактабдаги истеъдодли қиз — Меҳри Ҳожиматованинг овозини бир эшитинг”, деб мактабга бошлаб келган. Фароғат опага Султонпошша Ўдаеванинг “Олтин қўллар”, “Санъат — саодатим” қўшиқларини куйлаб берганимда, “Овозинг яхши экан. Сенга маслаҳатим пойтахтга бориб, Тошкент театр ва рассомлик санъати институтида ўқигин! Насиб қилса, шогирдим бўласан”, деб маслаҳат берган. Устоз санъаткор билан учрашганимдан ҳаяжонланиб, кечалари билан ухлолмай чиққанман. Хаёлан ҳар куни Тошкентда юрардим (мириқиб кулади). 1979 йил 10-синфни аъло баҳолар билан тамомлаганимда касб борасидаги танловим аниқ эди. Тошкентга ҳам отам олиб боролмаган, “Ким олиб боради, бир ўзим қўрқаман”, деб йиғлаганман. Шунда раҳматли Мўминжон тоғам “Ўзим олиб бораман”, деган.

Мактабимиздаги она тили ва адабиётидан дарс берадиган устозимиз хат ёзиб қўлимга тутқазиб, “Дўстим Ҳайдарали Узоқов ўша институтда она тилидан дарс беради. Хатни дўстимга бергин, ёрдами тегади”, деган. Ҳайдарали домлани кўрганман, лекин хатни беришга уялганман. Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб бўлгачгина хатни кўрсатганимда, “Нега аввалроқ бермадинг? Майли, муҳими ўз кучинг билан ўқишга кириб олдинг!” деганди.

Бахтим шундаки, Ўзбекистон халқ артистлари Бахтиёр Ихтиёров, Ҳусан Шариповнинг курсида ўқиш насиб қилган. Кейин эшитишимча, тўлачадан келганим учун Бахтиёр ака курсига қабул қилмоқчи бўлмаган. Вокалдан дарс берадиган домла Асад Азимов овозимни эшитиб кўриб, “Келажакда зўр санъаткор бўлади. Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театри учун ҳам тайёр кадр”, деган. Шу гапдан сўнг овозим учунгина Бахтиёр ака Мусиқали театр актёри факультетига ўқишга қабул қилган. Ўқиш бошлангач, тинмай жисмоний тарбия билан шуғулланиб, ҳавас қилгулик қоматга эга бўлганман. Ўқишга кирган йилим анъанавий ижрочилик, мақом кафедраси очилган. Яна бир омадим — ҳам вокал, ҳам мақомдан педагоглар Сулаймон Тахалов, Ойниса Кучликова, Исҳоқ Катаев, Коммуна Исмоилова, саҳна нутқидан эса Зуҳра Олимжоновадан дарс олганмиз. Ленинграддан педагоглар келиб, имтиҳон олишарди, мақтов эшитардим.

Институтдаги беш йиллик ўқишдан сўнг устозимиз Бахтиёр Ихтиёров курсимизни “гулдаста” қилиб, Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театрига ишга олиб борган.

"Ўзимни кинога урмаганман"

— Ёшлигим театрда катта-катта ролларни ижро этиш билан ўтгани боис ўзимни кинога урмаганман. Шу сабаб кинога ўрта ёш вақтимда кириб келдим. “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатувида турмуш ўртоғим Александр Бекчанов билан роллар ижро этганмиз. Бунинг учун устозимиз Мираббос Мирзааҳмедовдан жуда миннатдормиз. Кейин режиссёр Машраб Юнусовнинг олти қисмли “Жалолиддин Мангуберди” телефильмида Меҳрижаҳон ролини ўйнаганман. “Тоғли куёв” фильмига эса тасодифан тушиб қолганман. Билишимча, ролларга ­Саи­да­ Раметова ва Муқаддас Холиқова тасдиқланган, бироқ уларнинг вақти тўғри келмаган. Шу боис режиссёр Машраб Кимсановнинг танлови мен ва Барно Қодировада тўхтаган. Сўнг “Жаҳон отин Увайсий” телефильмида салбий роль Нозикшоҳ насиб қилган. Режиссёр Аҳад Фармоновнинг “Муҳаббатимсан” фильмида ҳам она ролини ижро этдим.

Бу йил эса сермаҳсул ижод қилдим. “Тугун”, “Саодат”, “Дугонажонлар” се­риалларида банд бўлдим. Режиссёр Жаҳонгир Қосимовнинг “Назира” фильмида роль ўйнадим. Насиб бўлса, кетма-кет бари томошабинларга намойиш этилади.

"Театр комедиядан иборат эмас-ку"

— Маълум вақт спектаклларда оммавий саҳнада чиқиб юрдим. Кейин­ Бахтиёр ака “Лайли ва Мажнун” спектаклини саҳналаштирганида бош роль — Лайлини ижро этганман. Шундан сўнг устоз ўн беш йил кетма-кет бош ролларни ишониб топширган. Театр борасида менга ёқмайдиган жиҳат бу — сўнгги вақтларда драматургларимиз замонавий асарлар ёзишни бошлаганди. Спектакль учун ариялар зўрма-зўраки ёзиладиган бўлиб қолди. “Юк”и бор асарларда роль ижро этиб, актёр сифатида шаклланганимиз боис, мумтоз асарларни театр учун заруриятини чуқур англаймиз. “Бобур соғинчи”, “Фарҳод ва Ширин”, “Нодирабегим” каби спектакллар репертуардан олиб ташланганида хафа бўлганман. Бу спектакллар саҳнага чиққунга қадар яхшигина меҳнат сарфланган, ахир. Театр комедиядан иборат эмас-ку! Шукр, вақт ўтиб, Биринчи Президентимизнинг қарорлари билан мумтоз асарларимиз яна саҳнага қайтди. “Тоҳир ва Зуҳра”, “Лайли ва Мажнун” спектакллари қайта саҳналаштирилди. Ёш томошабинларимиз бундай асарлардан баҳраманд бўлиши шарт. Театримиз аввалгидек зах-совуқ, томидан чакка ўтадиган эмас. Ҳозир капитал таъмирдан чиқиб, ўзгача кўриниш касб этган. Оркестр учун ажратилган жой кенгайтирилди, янги пардалар илинди, саҳна таъмирланди. Грим хоналаримиз ҳам жиҳозланиш арафасида. Қисқаси, ижод қилишга ҳам, ундан баҳраманд бўлишга ҳам барча шароитлар бор.

"Саҳнадаги муҳаббат, ҳаётга кўчган"

— Турмуш ўртоғим Александр Бекчанов билан танишувимиз қизиқ кечган. У киши мендан бир ёш катта бўлса-да, билим юртини тамомлаб, институтга киргани учун мендан бир курс пастда ўқирдилар. Кимнидир излаб, Саша аканинг курси этюд репетиция қилаётган хонани эшигини очиб қолганман. Шунда курсдоши — дугонам Минаввар Бобоева “Айни вақтида келдингиз-да, келин керак бўлиб турганди”, дея мажбурлаб Саша акани олдига ўтказиб қўйишган. Кейин билишимча, Саша ака мени бир кўришда севиб қолган эканлар (кулади). Институтда тўқнашиб қолсак, “Қалайсиз, келинбола?” деб ўтардилар. Шу-шу бир-биримизга ўрганиб, дўстлашиб, кейин кўнгил ҳам қўйдик. Саҳнадаги муҳаббат, ҳаётга кўчган (кулади). Учинчи босқичда ўқиб юрган кезларимиз танишган бўлсак, уч йил бир-биримизни синаганмиз. 1982 йилда институтдан ёзги таътилга чиққанимизда, Саша ака расмимни онасига кўрсатган экан. Ўшанда “Келиним ўзбек бўлади, албатта, шу қизга уйланасан!” деган эканлар.

1984 йил институтни тамомлаб, бир йил Саша ака ўқишни тамомлашини кутганман (кулади). Онамга Саша акага кўнгил қўйганимни айтганимда, “Ким у, нега исми Саша? Русга келин бўласанми?” деб йиғлаганлар. Қайнонам Надя момо рус, қайнотам ўзбек. Лекин ўзбекона оила бўлишган, маҳаллада ҳурмати баланд бўлган. Наманганга совчиликка Хоразмдан опаси Зоя ва Аҳмаджон исмли дўсти келган. Қайнонам 1982 йилда вафот этган-да. Тақдир экан, 1985 йил Хоразм, Наманган ва Тошкентда тўй қилганмиз. Раҳматли қайнотамнинг хизматини қилганман, жуда меҳрибон эдилар. Янги турмуш қурганимизда шароитимиз бўлмагани учун ётоқхонада яшаганмиз, доим Хоразмдан гуруч, ёғ, новвот каби маҳсулотларни юборишни канда қилмасдилар. Саша ака тўйдан аввал “Меҳри, шароитимизни тушунинг. Худо хоҳласа, ҳамма нарсани ўзим олиб бераман”, деганди, ваъдасининг устидан чиқди. Шукр, ҳозир ҳам ҳеч кимдан камимиз йўқ. Бир қиз, бир ўғлимиз, битта набирамиз бор. Дилдора ҳозирда “Тошкент” телерадиоканалида журналист, дубляжда ҳам фаол. Диёрбек Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтининг иккинчи босқич талабаси. Қизимиз Дилдора, ўғлимиз Диёрбек изимиздан боришди. Келажакда ўз соҳасининг моҳир устаси бўлишлари тарафдоримиз!

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади

Шарҳлар

Гавҳар Шариповага ҳайдовчи шилқимлик қилганлиги ҳолати юзасидан қўшимча баёнот берилди

20.11.2019, 14:21

“Актрисага шилқимлик қилинган, у эса юриб кетаётган юк машинадан ўзини ташлаган” Қашқадарё ЙҲХБ қўшимча баёнот берди.2019 йил 18 дан 19 ноябрга ўтар кечаси соат 02:20...
Шавкат Комилов суратга олиш жараёнида актрисани ўлдириб қўйишига бир баҳя қолди (видео)

05.11.2019, 00:13

“Ёлғизлар”, “Кўз ёшим”, “Дард” каби ўн бешдан зиёд фильмлари орқали танилган актёр Шавкат Комилов иштирокида видео  тарқалди...Унда актёр, портнёри Азиза Ёқубовани чин маънода ўлдириб қўйишига...
​АКТРИСА АСАЛ ШОДИЕВА ТАДБИРКОРЛИККА ҚЎЛ УРДИ (ФОТО, ВИДЕО)

21.09.2017, 15:12

Асал Шодиеванинг Инстаграмдаги ижтимоий тармоғида ўзига хос дизайндаги либослар тўплами акс этган суратлар пайдо бўлди. Маълум бўлишича, мазкур либослар актрисанинг ғояси билан яратилган бўлиб, Miel...
​СИТОРА АЛИМЖОНОВА ШАХСИЙ ҲАЁТИНИ МУҲОКАМА ҚИЛГАНЛАРГА МИННАТДОРЧИЛИК БИЛДИРДИ

14.08.2017, 12:34

Актриса Ситора Алимжонова 8 август куни турмушга чиқди. Унинг тўйи Таиланднинг Пхукет оролида бўлиб ўтди.Ситора ўз интервьюларида турмуш ўртоғининг 27 ёшда эканлигини ва у тадбиркорлик...
Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1