Халқ таълими вазирлигининг 2017 йил биринчи чорагидаги фаолияти якунларига бағишланган ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда вазирлик ҳайъати аъзолари, бошқарма ва бўлим бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармалари бошлиқлари, давлат педагогика ҳамда халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтлари ректорлари иштирок этди.
Мажлисни Халқ таълими вазири, ҳайъат раиси У.Иноятов олиб борди.
Тадбирда 2017 йилнинг ўтган даврида тизимда бажарилган ишлар, “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” доирасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама қилинди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан сўзга чиққанлар таълим сифатини кучайтириш, ўқув муассасалари раҳбарларининг масъулиятини ошириш юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар берди. Тизим ходимларининг касб малакасини ошириш, ижро интизомини мустаҳкамлаш, иш фаолиятда АКТдан унумли фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги “Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ умумтаълим муассасаларида компетенциявий ёндашувга асосланган янги давлат таълим стандартларини босқичма-босқич амалиётга татбиқ этиш, ўқувчилар давомати бўйича назоратни кучайтириш, “Оила–маҳалла–таълим муассасаси” жамоатчилик кенгаши кўмагида ота-оналар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш, ўқитувчиларнинг сифат таркибини яхшилаш, уларнинг узлуксиз ва мустақил равишда касбий маҳоратини ошириб бориши учун ҳаракатдаги ўқув машғулотларини ташкил этиш, методик хизматнинг янги, ўқитувчилар эҳтиёжига асосланган тезкор ва самарали шаклларини кенг жорий этиш, таълим муассасалари раҳбарларининг салоҳиятини ошириш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Тадбирда тизимдаги ислоҳотларнинг натижалари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 29 декабрдаги “2017–2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан батафсил маълумотлар берилди.
Танқидий таҳлил асосида ўтган йиғилишда вазирлик ва унинг қуйи тизимларида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижроси, фуқаролар мурожаатларига ўз вақтида, қонуний жавоб бериш, уларни қийнаётган муаммоларга ечим топиш масалаларига алоҳида урғу берилди. Қайд этилишича, ҳисобот даврида виртуал қабулхона орқали Халқ таълими вазирлигига жами 3,5 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Мурожаатларни ўрганиб, қаноатлантириш, муаммоларни сифатли ҳал этиш, жойларда аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказиш, интерактив хизматларни янада такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.