“Даракчи” газетасининг “Жавоб бер” лойиҳаси бугунги қаҳрамонлари яқиндагина “Муcтаҳзод” қўшиғини дуэт тарзида куйлаган хонандалар — Манзура ва Ирода Дилроз. Ҳаётда ҳам узоқ йиллик дугона ижодкорларнинг суҳбати қизиқарли кечди.
Ирода Дилрознинг Манзурага саволлари:
1. Ижодингизни энди бошлаганингизда опера куйлаганингизни биламан. Айни кунларда эса замонавий ва миллий йўналишларда жуда фаолсиз. Келажакда яна қайси жанрга мурожаат этиш ниятингиз бор?
2. Ҳаётдаги энг катта орзуингизни биз билан бўлиша оласизми?
3. Қўшиқ яратиш жараёнида нималар ҳақида кўпроқ ўйлайсиз? Тингловчига тақдим этишдан олдин қандай мақсадлар бўлади?
4. Ҳозирги ёш хонандаларга устозлик қила олармидингиз?
Тушкунликка тушиб қолган пайтларингизда кимдан, нимадан руҳланасиз? Сизга туртки бўлиб турувчи сўзлар борми?
Манзуранинг жавоблари:
1. Санъаткор доимий равишда янгилик яратиши, тингловчиларини кутилмаган ижодий ишлари билан ҳайратга солиши керак, деб ўйлайман. Жанрлар ҳақида гап кетганда эса менимча ҳали бу борада кўп янгиликлар бўлади. Аммо уларни олдиндан гапириб ўтирмайман.
2. Ҳар бир инсоннинг қалбида яширин орзулари бўлиши табиий. Лекин мен улар ҳақида омма олдида гапиришни истамасдим.
3. Очиғини айтиш керак, ёшлигимда куйлаган айрим қўшиқларимни бугун тинглаб қолсам, бироз афсусланиш ҳиссини сезаман. Бугун ҳар бир қўшиқни тақдим этишдан аввал унинг ғояси, нима демоқчи бўлаётганим ҳақида кўп ўйланаман. Улар орқали мухлисларимни яхшиликка чорлаб, чин маънода маънавий озуқа беришни истайман.
4. Рости, ўзим устозга муҳтожман. Шундай экан кимгадир йўл кўрсатишим менимча, нотўғри иш. Устоз бўлишнинг катта масъулияти бор! Ҳозирча, бу жиддий вазифани бажара олишимга кўзим етмайди.
5. Яратган, бизга берган имкониятлардан тўлиқ фойдаланмасдан хато қилаётганим ҳақида кўп ўйлайман.
Манзуранинг Ирода Дилрозга саволлари:
1. Бола пайтингиздан ўзбек санъатини дунёга танитиб келаётган ижодкорлардан бирисиз. Айтингчи, келажакда яна қаерларда бўлишни истардингиз?
2. 1991 йил, сиз ва Достон Убайдуллаев жуда катта тадбирда иштирок этиш учун илк бор чет элга — Москвага боргандингиз. 27 йил аввалги ўша кунларни, бугун қандай эслайсиз?
3. Дунёга машҳур бастакор Ал-Раҳман билан ижодий ҳамкорлик қилганингиздан ҳам хабарим бор...
4. Биргаликда куйлаган дуэтимиз “Мустаҳзод”нинг клипини суратга олиш учун кўпгина қийинчиликлардан ўтиб, узоқ вақт кутдик. Шуларга қарамай у сиз кутгандек бўлдими?
5. Сиз хонанда, болалар гуруҳида раҳбари, бир оиланинг бекаси ва онасиз. Ҳаммасига улгуриш, ҳамма билан тил топишиш, муомила ва маданиятни сақлаб қолиш қийин бўлмаяптими?
Ирода Дилрознинг жавоблари:
1. Тўғри айтасиз, касбим тақозоси билан санъатимизни жуда кўп давлатларда намойиш этиш бахтига муяссар бўлганман. Эндиликда эса боришга улгурмаган дунёнинг бошқа бурчакларига фарзандларим билан биргаликда сайёҳат қилиш. Энг катта орзуим — Ҳаж сафарини амалга оширишдир.
2. Ўшанда 11 яшар қизалоқ эдим. “Ялла” гуруҳининг йигирма йиллиги муносабати билан Москва шаҳрида ташкил этилган тадбирда иштирок этганмиз. Достон иккимиз жонли ижрода “Отмагай тонг” қўшиғини куйлагандик. Саҳнадаги кўнгилимиздан ўтган ҳаяжонлар худди кечагидек эсимда. Устоз санъаткорлар қаторида биз, болакайларнинг ҳам бир саҳнада турганимиз аслида катта бахт эди. Бунинг учун устозларимиз Фаррух Зокиров ва Нодира Қурбоновадан жуда миннадорман.
3. Манзура, қисқа савол-жавоблар билан ҳаётимдаги энг ёрқин хотираларга қайтаряпсиз. Ўшанда, 2003 йилда Ал-Раҳман Осиё мамлакатлари бўйлаб гастроль сафарини амалга оширган. Унда мен ҳам иштирок этгандим. ҳиндистонлик бу бастакор билан ишлашим ҳамкорлигимиз ижодимда янги босқични бошлаб берган, деб ўйлайман. Концертлар давомида барча хорижий ҳамкасблар билан тажриба алмашиб, ўзим учун кўп нарсаларни ўргангандим.
4. Яхши ижодий ишга осонлик билан эришиб бўлмайди. Буни яхши тушунадиган инсон сифатида клипни тайёр бўлишини сабр билан кутдим. Қийинчиликларга қарамай, уни ўйлаганимдек тугата олганимдан хурсандман.
5. Аёл кишининг жони қирқта, деб бекорга айтишмайди-ку. Тўғри, аёлларнинг иши, ҳаётдаги вазифалари осон эмас. Аммо меҳнатдан қочмасдан, ҳаракатда бўлиш орқали натижага эришилган роҳат, менимча ёқимлироқ. Бугун ҳаётда ва ишдаги вазифаларимга улгуришим учун менга ёрдам бераётган онам, яқинларим, энагам ва ёрдамчиларимдан миннадорман. Уларнинг қўллаб-қувватлаши ва доимий кўмаклари менга кўп асқатади.
Алия СУЛАЙМАНОВА