АсосийJamiyat

​Жиззахда нефтни қайта ишлаш мажмуаси қурилишига тамал тоши қўйилди

'​Жиззахда нефтни қайта ишлаш мажмуаси қурилишига тамал тоши қўйилди'ning rasmi

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Зафаробод туманига ташриф буюрди. Туманнинг "Чимқўрғон" қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида Жиззах нефтни қайта ишлаш мажмуаси қурилишига тамал тоши қўйиш маросими бўлди, деб ёзади ЎзА.

Президентимизнинг Қозоғистон ва Россияга давлат ташрифларида олиб борилган самарали музокаралар натижасида мажмуа учун хомашё яқинда барпо этиладиган нефть қувури орқали етказиб келинади. Бу энергия ресурсларини етказиш харажатларини кескин камайтиради ва лойиҳанинг иқтисодий самарадорлигини оширади. Мажмуанинг географик жойлашуви ишлаб чиқарилган маҳсулотни мамлакатимизнинг барча ҳудудларига ва экспортга минимал харажатлар билан етказиш имкониятини таъминлайди.

Заводда углеводород хомашёсини чуқур қайта ишлаш бўйича энг замонавий, экологик ва энергетик жиҳатдан самарадор технологиялар ўрнатилади. Улар асосида жаҳон стандартларига жавоб берадиган мотор ва авиация ёқилғиси, бензол, мазут, битум ва бошқа нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.

Авиация керосини ишлаб чиқариш миқдорини ошириш ҳаво кемаларимизнинг парвоз географиясини сезиларли даражада кенгайтириш, етакчи хорижий авиакомпаниялар билан муваффақиятли ҳамкорлик орқали йўловчи ва юк самолётларининг транзит рейсларини ошириш билан бир қаторда мамлакатимиз авиация соҳасини янада ривожлантириш имконини беради.

Мажмуанинг ишга туширилиши 2 мингдан зиёд, соҳага алоқадор ва хизмат кўрсатиш тармоқларида қўшимча 14 мингдан ортиқ кишининг бандлигини таъминлашга хизмат қилади.

Маросимда Президентимиз Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Мажмуага тантанали равишда тамал тоши қўйилди.

Тадбир иштирокчилари ҳудудлар иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасида олиб бораётган эзгу ишлари учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

Бошқа янгиликлар