Наманган вилоятида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 72 йиллиги ҳамда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан 3 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисига замонавий кўп қаватли уйлардан хонадонлар туҳфа этилди, деб ёзади ЎзА.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фронти фахрийлари моддий ва маънавий қўллаб-қувватланиб, совға-саломлар топширилмоқда.
Вилоятда 80 дан зиёд уруш фахрийси ҳаёт кечирмоқда.
“Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими, вилоят ҳокимлиги ва бошқа бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида уларнинг хонадонларига бориб, алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда, моддий-маънавий кўмак берилмоқда.
Шундай тадбирлар доирасида 3 нафар уруш фахрийси – Наманган шаҳридан Низомхон ота Сатторов, Турсунбой ота Тожимирзаев, Уйчи туманидан Жакбарали ота Юсуповга кўп қаватли замонавий уйлардан янги хонадонлар калити топширилди. Барча қулайликлар яратилган, қаттиқ ва юмшоқ мебеллар, телевизор, музлатгич ва бошқа маиший техника воситалари билан жиҳозланган хонадонлар нуронийларнинг роҳат-фароғатда яшашига хизмат қилади.