Режиссёр Шуҳрат Аббосов 6 ой давомида суратга олган, сценарийси 5 йил ёзилган “Яна маҳаллада дув-дув гап” фильми бадиий кенгашга топширилди. Айни дамда киноижодкорлар ҳаяжон билан кинопремьерани кутишмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, фильмда ўзига хос роллардан бирини гавдалантирган актёр ва қизиқчи Валижон Шамсиевни сухбатга тортдик.
— Валижон ака, айтингчи фильмдаги иштирок сизда қандай таасуротлар қолдирди?
— Фильмдан олам-олам таасурот олдим. Ўз касбининг устаси бўлган режиссёр Шуҳрат Аббосов билан бирга ишлаш мен учун шараф бўлди.
Айни дамда дубляж жараёнлари ниҳоясига етди, фильм бадиий кенгашга тақдим этилган.
“Яна маҳаллада дув-дув гап” суратга олинаётганидан хабар топган чет эллик ҳамюртларимиз ҳам уни интиқлик билан кутишаётганини айтишмоқда.
Фильм суратга олиш жараёнидан келиб чиқиб бир нарса айтган бўлардим, ҳали киноижодкорлар, режиссёр ва актёрлар Шуҳрат Аббосовдан кўп нарса ўрганишлари керак, унинг даражасига чиқишларига анча бор. Бу инсон суратга олиш майдончасининг ўзида жараёндан келиб чиқиб образни кенгайтирар экан. Бу қобилиятни бошқа режиссёрларда кузатмаганман. Режиссёрлар бир қолип асосида фильм олса, Шуҳрат Аббосовнинг ички оламларида ўз қолипи бор экан, янгидан ўйлаб, фильмни бойитиш ҳақида ҳар дақиқа ўйлар экан.
Кинокартинани суратга олишдан аввал Шуҳрат Аббосов актёрлар жамоасини фото ва кинопробадан ўтказди.
Фильмдаги мен яратган образ асосийлардан эмасди, бироқ Шуҳрат Аббосовга ижроим ёқдими, жараёндан келиб чиқиб, уни кенгайтирди. Унда мен ўз маҳалласи ҳақида фильм олмоқчи бўлган ҳаваскор режиссёр образини гавдалантирдим. Бу инсон билан биринчи марта ишладим ижроимдан қониққанлари шекилли “аввал нега сени кашф қилмаганман эканман” дедилар. Фильмда туяқушлар билан олинган лавҳа бор. Билсак, ҳатто туяқуш боқадиганлар ҳам уларни ичига киришга қўрқар экан, мен ҳеч қандай каскадёрсиз 100 тача туяқушнинг ичига кирдим.
—Режиссёрнинг “Маҳаллада дув-дув гап” фильми билан бу фильм ўртасида қандай боғлиқлик ёки фарқ кўрдингиз?
—“Яна маҳаллада дув-дув гап” фильмни “Маҳаллада дув-дув гап” билан солиштириш эмас, уни мутлақо янги асар деб қабул қилиш керак. Бу бир инсоннинг икки фарзанди дегандай гап, ҳар бирининг ўзига яраша ҳарактери, мақсади ва энг асосийси ўз даври бор. Икки фильм ҳам Шуҳрат Аббосовнинг маҳсули иккисининг ҳам ўзига яраша ютуғи бор. Битта нарсани айтишим мумкин, жуда баракали фильм бўлди.
Бугун маҳалла институти Давлат сиёсати даражасига кўтарилган бир вақтда фильмнинг мавзуси ҳам актуал. Унда маҳаллалардаги меҳр-оқибат, анъана, муносабат, инсонларнинг ҳарактери очиб берилган.
Мен томошабиндан бу фильмни у фильмга боғламасликларини тавсия қиламан. Истардимки, фильмни кўргач бу инсоннинг у асарини қанчалик ҳурмат қилишса, бунисини ҳам шундай қабул қилишсин. Янги нарсага ўрганиш уни қабул қилиб сингдириш доим ҳам осон кечмайди. Шу сабабли фильмларни бир-бири билан таққослаш ҳам нотўғри.
Фильмга зиёли инсонлар каби баҳо беришларини тавсия қиламан.
Эслатиб ўтамиз, кинофильмининг асосий воқеалари Фарғона вилояти (Фарғона, Марғилон, Қўқон шаҳарлари, Риштон, Ўзбекистон туманлари) ва Тошкент шаҳрида суратга олинган.
Фильмда Дилбар Икромова, Эркин Бозоров, Суръат Исломов, Аббос Ибрагимов, Ҳусан Шарипов, Гулчеҳра Жамилова, Муқаддас Ҳолиқова, Муяссар Бердиқулова, Мадина Мухторова, Валижон Шамсиев, Дилшодбек Каттабеков, Моҳира Нурматова, Шодия Тўхтаева, Ширин Исмоилова, Лазиза Нозимхонова, Зебинисо Ҳолиқова, Кумуш Ўктамова каби ўнлаб халқимиз суйган ижодкорлар иштирок этади.